Украинадаги урушнинг 620-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украиналик ҳарбийлар Керчдаги «Залив» заводига зарба йўлланиши оқибатида Россия ҳарбий кемаси шикастлангани ҳақида хабар берди. РФ мудофаа вазирлиги кемасозлик заводи қанотли ракеталар билан ўққа тутилганини тасдиқлаган. Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда зарба келиб тушган жой ва шикастланган ҳарбий кема акс этган.
- Запорижжя областида Россия қўшини 128-алоҳида тоғ-штурм бригадасининг артиллериячиларни тақдирлаш маросими учун тўпланиб турган ҳарбийлари устига ракета ташлади. Сўнгги маълумотларга кўра, 19 ҳарбий ҳалок бўлган, яна ўнлаб ҳарбийлар яраланган.
- The Times of Israel Украина президенти Володимир Зеленский Исроилга боришни режалаштиргани, аммо маълумот сизиб чиққани туфайли сафар тақдири савол остида қолгани ҳақида хабар берди.
- Фронтда одессалик Юрий Глодан ҳалок бўлди. 2022 йил апрелида у рафиқаси ва қизи Россиянинг ракета зарбасидан ҳалок бўлганидан кейин Украина қуролли кучлари сафига қўшилганди.
- Володимир Зеленский яна бир бор Россия билан уруш олдинроқ Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний айтганидек «боши берк кўчага кириб қолмагани»ни маълум қилди.
Херсон областида Россия вайрон қилган Посад-Покровске қишлоғи
Посад-Покровске — Херсон ва Миколайив областлари чегарасида жойлашган қишлоқ, 2001 йилги ҳисоб-китобларга кўра бу ерда икки ярим минг атрофида киши яшаган. Қишлоқ кенг кўламли босқиннинг илк кунларидаёқ россиялик ҳарбийлар томонидан оккупация қилинади, ўшанда уларнинг мобил гуруҳлари Миколайивнинг ўзига қадар етиб борганди. 2022 йил 20 мартида Россия қўшини ёппасига олиб кетилаётган ва Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланган маҳалда Посад-Покровске ҳам озод этилади, аммо у оккупация вақтида жиддий шикастланган, аҳолининг кўп қисми Миколйив томонга кетганди. CNN журналистлари 2022 йил мартида қишлоқни «яшаш учун яроқсиз» деб атайди: ўшанда, нашр маълумотига кўра, Посад-Покровскеда фақат битта бутун бино қолганди, бу ерда газ қувури ҳам портлатилганди.
2023 йил мартида қишлоққа Володимир Зеленский келади (DW маълумотига кўра, ўшанда Украина президентини маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган 400 га яқин киши қарши олади).



























