Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Мўйи муборак қабристонида гўрков Акромжон ўғли Асилбек билан қабр қазийди. 90 ёшли Абдуқаюм ота уларнинг устози. Уста гўрков билагидан кучи кетиб ишга ярамай қолган. Лекин у тез-тез қабристонга келиб, индамаслар оламини зиёрат қилиб кетади.
Абдуқаюм ота кучдан қолгунча қабр қазиди. Бир нечта қишлоқдошларига касбини ўргатди.
“Уруш даврида кўплар армияга чақирилиб, эркаклар қолмаган пайт. Битта бригадада битта эркак бўларди, кимдир вафот этса, ўша одам бизга ўхшаган ёш болаларни чақириб, қабр қазитарди.

Биринчи марта 14 ёшимда қабрга кирдим. Ўшанда қўрққанман рости, кейинчалик ўрганиб кетдим. Ичини ковлаётганда тупроқ босиб қоладими деб ҳаяжонланганман ҳам. Кейинчалик қабристонни менга топширишган, «сен қарайсан» деб. Шу ерда дарахтлар экиб, боғ қилдим.

Қабр ковлаш қийин иш аслида. Ақл билан иш қилиб, қўрқмасдан, куч билан қилинади. Ҳаяжонланмаслик керак, бўлмаса, қўрқув босиб келаверади. Қабрни таваккал ковлаб қўяверамиз, кимга насиб этса, ўша одам келади, Баъзи одамларнинг қабрини ковлаётганда тупроқ қаттиқ бўлади, баъзилари енгил ковланади. Ери яхши бўлса, 4-5 соатда иш битади, бўлмаса кўпроқ вақт кетади. Қабрнинг ери ўша одамнинг амалига қараб ҳар хил бўлади.
4 шогирдим бор. Шулардан Акромжон шогирдим билан ўғли мен билан қолиб, қўлимдан олган ишларни. Ўзим ҳам ишлагим келади ҳозир, лекин қувват йўқ-да.

Кимнингдир қабри ери қаттиқ чиқса, ичимизда сақлаб қўямиз, одамларга айтмаймиз. Чунки гап кўпайиб, ҳар хил фикрлар урчиб кетади. Ўзи гўрковлик энг савобли касблардан. Берган пулини оламиз, талашмаймиз. Савоби номамизга. Қабристонни обод қилиш учун анча меҳнат қилганмиз, дарахтлар экканмиз, суғорганмиз.
Майит қабрга қўйилиб, устидан тупроқ тортилиб, охирги одам етти қадам узоқлашгач, савол-жавоб бошланади. Қабрдаги тавбалар ўтмайди.
Кимдир ўтиб қолса, бизга келиб айтишади. Ёшини сўраб оламиз-да, шунга қараб ковлайверамиз. Майит келгач, қабрга қўйишда яқинлари қўрқмаса, ўзлари қўяди, бўлмаса биз қўямиз. Қабрда оёқ томон 10 сантиметрча пастроқ қилинади, танадаги сув оёқ томондан чиқиб кетиши керак.


























