Ҳозирча бу гаплар шунчаки фараз, айни вақтдаги зулматли вазият ичида ақл бовар қилмас, асбурд ва мутлақо нореал туюлади, бироқ, келинг, уни бир тасаввур қилиб кўрайлик, деб ёзади француз журналисти, Le Monde нашрининг собиқ мухбири ва айни вақтда Европарламент депутати Бернар Гетта.

Тасаввур қилайлик, АҚШ, Европа Иттифоқи ёки унга аъзо бўлган бир нечта давлатлар билан Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси, MBS номи билан машҳур Муҳаммад ибн Салмон 2002 йилда ўз бобоси томонидан бошланган тинчлик ташаббусини қайта бошлайди.

Ўшанда қирол Абдуллоҳ Араб лигаси давлатларига 1967 йилги чегараларда мустақил Фаластин давлати яратилиши эвазига Исроилни тан олишни таклиф этган эди. Бу режани Исроил етакчилари эътиборсиз қолдиришди, чунки бу Ал-Қудс иккига бўлиниши ва қочқинлар ҳамда уларнинг авлодлари Фаластинга қайтарилишига олиб келарди. Гарчи бу ташаббусни Араб давлатлари лигаси ва фаластинликлар қўллаб-қувватлашган бўлса ҳам, у қоғозда қолиб кетганди. Лекин, келинг, бир дақиқага америкаликлар, европаликлар ва саудияликлар бу ташаббусни ортиқча шошма-шошарликсиз тирилтирди ва янги мулоқотлар учун жўнаш нуқтаси сифатида таклиф қилишди, деб тасаввур қилайлик.

Ҳозир Исроилнинг қайси бош вазири аср бошларида бўлгани каби бу таклифни эшитмадим-кўрмадим, дея олади. Ҳаттоки Нетаняҳунинг ҳам қўлидан келмайди. Тез орада унинг ўрнига келувчи сиёсатчи ҳам бундай қила олмайди. Чунки бир нечта янги араб давлатлари Исроилни тан олгач, нафақат Фаластин давлатини тузиш музокаралар мавзуси бўлади, шунингдек Шимон Переснинг азалий орзуси — Яқин Шарқда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланишига туртки берадиган умумий бозор ташкил қилиш ҳам амалга ошади.

Бу динамика катта ишонч билан ҳар қандай ҳарбий операциядан кўра ҲАМАСнинг сиёсий йўқ бўлишига, аҳамияти кичик бўлган террорчилик гуруҳлари эса маргиналлашувига олиб келади. Шундан сўнг тинчлик, ҳақиқий тинчликка эришилади. Албатта, ҳар томондан менга эътироз билдиришлари мумкин: орзулар нечоғлик беғубор бўлмасин, 7 октябрдаги хунрезлик ва Ғазонинг бомбаланиши ортидан агар жаҳон уруши келиб чиқмаса, камида юз йиллик уруш бўлиши тайин, деб. «Хабардор» инсонлар бундай уруш бўлиши тайин ва унинг олдини олиб бўлмайди, дейишади, чунки ҳозир Исроил билан тинчлик имзолашга тайёр фаластинлик ҳам, Фаластин давлати билан ёнма-ён яшашни истовчи исроиллик ҳам қолмади ҳисоб.