7 октябр куни Фаластиннинг эксклави Ғазо секторидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ҳужум қилиши ортидан бошланган Исроилнинг жавоб зарбалари бир ойдирки давом этяпти.

Бу орада АҚШ давлат котиби Яқин Шарққа икки марта, президент Байден эса бир марта келиб кетди. Араб давлатларидан тортиб, то Жанубий Америка давлатларигача Ғазодаги қирғинга муносабат билдирди. Баъзи мамлакатлар Исроилдан элчисини чақириб ҳам олди. Исроил эса халқаро чақириқларга эътибор бермай, Ғазо ичкарисига тўхтовсиз ҳужумлар қилмоқда.

Kun.uz “Геосиёсат” рукнида урушнинг бир ойлиги муносабати билан сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов билан суҳбатлашди.

— Уруш бошланганидан буён Блинкен иккинчи марта Яқин Шарққа келди, бунинг сабаби нима?

Шавкат Икромов: — 3 та асосий сабабни санаб ўтиш мумкин. Биринчидан, АҚШнинг ўзидаги сиёсий доираларда урушга нисбатан норозилик кайфияти ортиб боряпти. Демократларда ҳам, республикачиларда ҳам, урушни тўхтатиш талаблари ортяпти. Ўзи Байден президентлик даврида Яқин Шарққа эътиборни пасайтирган эди. 7 октябр воқеаларидан кейин фавқулодда Яқин Шарққа кириб келиши бошланди. Бу эса АҚШ сиёсий доираларининг катта босим билан ишлашига сабаб бўлди ва оқибатда норозилик юзага келди.

Иккинчидан, Нетаняҳу бошчилигидаги ўнг кучлар олиб бораётган сиёсатни қўллагани учун АҚШни иккиюзламачи ва демократик тамойилларга амал қилмаётган давлат сифатида кўрсатяпти. Шунинг учун чоралар кўриш керак эди.

Учинчидан, уруш якунидан кейин Ғазодаги вазият қандай бўлишини муҳокама қилиш мақсади ҳам бор. Блинкен Яқин Шарқдаги бир қанча мамлакатларга борди. АҚШ урушнинг Ғазодан ташқарига чиқмаслигини истайди, ҳозирча шундай бўлиб турибди.

Камолиддин Раббимов: — Бутун дунёни Америка ҳарбий стратеглари алоҳида округларга бўлади. Марказий ҳарбий қўмондонлик Шимолий Америка эмас, Евроосиё қитъасининг Яқин Шарқ минтақаси ҳисобланади. Яқин Шарқ, қисман Африка давлатлари Марказий ҳарбий қўмондонлик деб аталади АҚШ стратегиясида. Бу қўмондонлик марказида Исроил туради. Исроил ташкил топганидан бугунгача АҚШнинг сиёсий, геосиёсий, ҳарбий стратегиясида алоҳида рол ўйнайди. Президент Реган даврида НАТОдан ташқари АҚШнинг ҳарбий иттифоқчилари деган тамойил киритилган, АҚШга 19 та давлат ана шундай иттифоқчи, уларнинг биринчиси – Исроил. АҚШ ўзига Исроилни ҳимоя қилиш мажбуриятини олган.