F гуруҳи

Миланда ақлдан озган футбол

«Милан» — «ПСЖ» 2:1
Голлар: Леау (12), Жиру (50) — Шкриняр (9). 
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Тиав, Эрнандес, Лофтус-Чик, Пулишич (Флоренци, 90+2), Рейндерс, Муса (Крунич, 84), Леау (Окафор, 85), Жиру.
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр (Барколя, 89), Эрнандес (Мукиеле, 65), Угарте (Руис, 60), Витиня (Ли Кан Ин, 60), Заир-Эмери, Дембеле, Мбаппе, Коло-Муани (Рамуш, 60).
Огоҳлантиришлар: Витиня (24), Коло-Муани (29), Угарте (43), Эрнандес (55), Муса (66), Шкриньяр (80).

«Боруссия», «Нюкасл», «Милан» ва «ПСЖ» квартети «ўлим гуруҳи» мақомини оқлашда давом этмоқда. ЕЧЛнинг уч туридан кейиноқ барча жамоалар мағлубиятли ўйинлар ўтказишга улгурганди. Бошқа ҳеч бир тўртликда бунақаси кузатилмаганди.

Иккинчи турда Англияда йирик ҳисобда мағлуб бўлган гуруҳ фаворити «ПСЖ» Миланда ҳам ютқазди ва биринчи ўринни бой берди. Бу ўйин илк дақиқаларданоқ шиддатли тус олди. Чемпионлар лигасида бундай очиқ ўйин жуда кам рўй беради. Ўйин деярли майдон марказисиз кечди ва 12 дақиқа ичида Стефано Пиоли ҳамда Луис Энрике шогирдлари бир-бирининг дарвозалари сари 10 бор зарба йўллашга улгурди. «Милан» «ПСЖ» билан зарбалар алмашиб таваккалчилик қилди. Майдондаги воқеалар мураббийларга қанчалик ёққанини айтиш қийин, аммо бундай футбол – мухлислар учун доимо завқ бағишлайди.

«Милан»да Леау «ёндирди». У мезбонларнинг илк зарбасига муаллифлик қилди ва Лофтус-Чик учун ҳам голли вазият яратди. Аммо англиялик футболчи гол ура олмади, тўққизинчи дақиқада эса стандарт вазиятда ўз дарвозаси яқинида ёмон ўйнади. Тўп бурчакдан узатиб берилганда Маркинос уни бошқа бир ҳимоячи Шкринярга ташлаб берди. Ушбу стадион билан жуда яхши таниш бўлган словакиялик футболчини дарвозабон ҳудудида шунчаки бўш қолдиришганди: «Интер»нинг собиқ аъзосига энг яқин турган Лофтус-Чик тўп келган вақтда нима учундир ундан узоқлашди.

Ўйин стартида ҳужум вакиллари ҳам фаол ўйнади: Мбаппе, Коло-Муани ва Дембеледа позицион ҳужумларда яхши вазиятлар бўлди. Ҳисоб очилганидан уч дақиқа ўтиб эса Леау яна катта саҳнага чиқди. Португалиялик футболчи Жируга пас бериб ҳужумни ривожлантирди ва уни чалқанча зарба билан якунлаб берди. Бу эпизодда Рафаэл жуда ақлли ўйнади, ҳимоячилар инерция бўйича дарвоза томон ҳаракатланишни давом эттирганида тезликни пасайтириб, узатмага мослашди. Доннарумма парижликларни қутқара олмади. «Россонерилар» фанатлари эса Жанлуижининг кетишини ҳали ҳам кечира олмаганини намойиш этишди ва унга қарата сохта пуллар сочишди.