Сўнгги уч кун давомида Осиё Чемпионлар лигаси 4-тури доирасидаги баҳслар ўтказилиб, бир қатор эътиборли воқеалар юз берди. Душанба куни «Озоди» стадиони 6 соат ичида дастлаб ўзбек клубининг тарихий ғалабасини тан олган бўлса, тунда Теҳрон қанчалик «қўрқинчли» экани гувоҳига айландик – ОКМК 0:9 ҳисобидаги антирекорд қайд этди. Криштиану эса Осиёда майдонга тушмай ҳам рекордга сабаб бўлмоқда. Tribuna.uz тур якунларига кўра, эътиборга молик воқеаларни саралади.
ОКМК ОЧЛда антирекорд қайд этди
Осиё Чемпионлар лигаси 4-тури ўзбек футболи учун салбий ва ижобий жиҳатдан тарихий аҳамият касб этди. 6 ноябр, душанба оқшоми – ОКМК футбол клуби тарихидаги қора кун сифатида қоладиган бўлди. Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Олмалиқ клуби Эрондаги ўйин олди сарсонгарликдан сўнг, майдонда шармандали натижага сабаб бўлди. Исфахон шаҳрида ўтиши керак бўлган баҳс, ОФК қарорига кўра ўйиндан икки кун олдин Теҳронда бўлиб ўтиши маълум қилингач, олмалиқликлар Эрон пойтахтига узоқ парвозлар орқали етиб келишди.
ОКМК жамоасини «Озоди»да ҳам даҳшатли воқеалар кутаётганди. Эрон чемпионатида 8-ўринда бораётган «Сипоҳон»га қарши Қосимов шогирдлари фақат бир бўлим қаршилик кўрсата олишди ва танаффусга минимал ҳисобдаги мағлубият билан чиқишди. Иккинчи бўлимда эса форслар майдонда хоҳлаганини қилишди. Устига-устак Акромжон Комиловнинг четлатилишидан кейин ОКМК шаъни батамом топталди. Эронликлар Ботирали Эргашев дарвозасига нақ 9та гол киритиб, турнир тарихидаги энг йирик ғалабасига эришди.

Шу билан бирга ОКМКнинг 0:9 ҳисобидаги мағлубияти ОЧЛ тарихида «Ғарб» минтақаси учун энг йирик ҳисобли мағлубият сифатида антирекордга айланди.
«Навбаҳор» Эронда тарихий ғалабага эришди
Олмалиқ клуби Осиёда ўзбек футболи тарихидаги шармандали натижани қайд этишидан икки соат аввал эса «Навбаҳор» худди шу ўйингоҳ – «Озоди»да тарихий ғалабага эришди. «Нассажи Мозандарон» клуби меҳмони бўлган Наманган клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи тарихида сафардаги илк ғалабасини айнан Теҳронда қўлга киритди.

Игор Голбан ва Остон Ўруновнинг дубли эвазига Самвел Бабаян шогирдлари муҳим ва тарихий натижа (3:1) қайд этиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятини яхшилади. Наманган клуби ўз гуруҳида 10 очко тўплаб, «Ал-Ҳилол» билан қўшҳокимлик қилмоқда.






















