А гуруҳи
«Галатасарой»ни таслим этиш орқали «Бавария» ғалабали сериясини давом эттирди ва максимум очко жамғарган ҳолда муддатидан олдин гуруҳда биринчи ўринни эгаллади - фақат мюнхенликлар ўз гуруҳида биринчи ўриннни кафолатлаган. Гуруҳнинг қолган уч вакилида эса плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб турибди, аммо «МЮ»да вазият энди шунчалик қийинлашганки, кейинги икки ўйиндаги икки ғалаба ҳам 1/8 финалга олиб чиқмаслиги мумкин. Бу ўйинларни эса Истанбулда «Галатасарой» ва Манчестерда «Бавария»га қарши ўтказиш талаб этилади.
Мотивацияси қолмаган «Бавария» қолган ўйинларда ҳам ғалаба қозонса, «Галатасарой» иккинчи йўлланма учун асосий даъвогар саналади, чунки турклар немислар грандига қарши ўйинларни ўтказиб бўлган. Бу мавсум учун кучли таркиб йиғган жамоа уйда инглизларни қабул қилишдан ташқари, охирги турда «Копенҳаген» меҳмони бўлади. Иккинчи йўлланма тақдири катта эҳтимол билан ўша ўйинда ҳал қилинади.

29 ноябр. «Галатасарой» — «Манчестер Юнайтед», «Бавария» — «Копенҳаген».
12 декабр. «Манчестер Юнайтед» — «Бавария», «Копенҳаген» — «Галатасарой».
В гуруҳи
«Арсенал» гуруҳдаги асосий рақобатчиси бўлиши кутилган «Севиля»ни икки ўйинда ҳам ишонч билан мағлуб этди ва амалда плей-офф масаласини ҳал қилди. Лондонликлар фақатгина кейинги икки ўйинда ютқазса, ПСВ Испанияда ғалаба қозонса, «Ланс» эса охирги турда очко олса, учинчи ўринга тушиб кетиши мумкин. Лекин катта эҳтимол билан кейинги турда французлар билан ўйинда йўлланма нақд қилинади.
Охирги ўринда қолаётган «Севиля»да ҳам барчаси йўқотилмаган. Кейинги ўйинлардаги икки ғалаба катта эҳтимол билан испанларни 1/8 финалга олиб чиқади, битта ғалаба — севимли Европа Лигасига. ПСВ ва «Ланс» жуфтлигида эса ўзаро учрашувлар бўйича устунлик нидерландлар томонида (1:1, 1:0).

29 ноябр. «Севиля» — ПСВ, «Арсенал» — «Ланс».
12 декабр. «Ланс» — «Севиля», ПСВ — «Арсенал».
C гуруҳи
Қаторасига тўрт ғалабадан кейин «Реал» плей-офф масаласини ҳал этди. Катта эҳтимол билан мадридликлар гуруҳ босқичи якунида ҳам биринчи ўринда қолишади ва қуръада сараланганлар саватчасидан жой олади. «Наполи» «Унион» билан ўйинда ғалабани бой берганига қарамай, гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқишга асосий даъвогар. Италянлар назарий жиҳатдан кейинги турда 1/8 финалга чиқиши мумкин, «Реал» катта эҳтимол билан натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган ўйинда ротация қилади.























