Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Брюссел: Украина учун миллионта снаряд етказиб бериш мақсади ҳамон кун тартибида
2023 йилнинг дастлабки беш ойида Европа Иттифоқи Украинага ваъда қилинган ўқ-дориларнинг 30 фоизини ўтказди, бироқ қолган миқдорни 2024 йил мартигача етказиб бериш мақсадидан қайтмаяпти.
Европа Иттифоқи Киевга бир миллионта ўқ-дорини топшириш ниятидан воз кечмаяпти. Брюссел бунинг охирги муддатини 2024 йил марти деб атамоқда. 10 ноябр, жума куни Брюсселдаги юқори мартабали амалдор журналистларга «Украинани миллионлаб ўқ-дорилар билан таъминлаш мақсади ҳамон кун тартибида», деди. Унинг тушунтиришича, ЕИнинг еттита давлати мудофаа корхоналарига ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича қўшма буюртмалар берган ва уларни жорий йил охири ҳамда 2024 йил бошида Киевга топширишни режалаштирган.
Буюртма қилинган ўқ-дорилар миқдори ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмаган, бироқ амалдор «йил охиригача муҳим етказиб бериш амалга оширилишини» таъкидлади. Бундан ташқари, бир қатор Европа Иттифоқи давлатлари қўшма харид дастуридан ташқари, Украинага снарядларни бир томонлама тартибда ўтказади.
Февралдан майгача Европа Иттифоқи 300 минг дона артиллерия снарядларидан тортиб ракеталарга қадар турли хил ўқ-дориларни тақдим этди. Бу Брюсселнинг Украина Қуролли кучларини бир миллионта снаряд билан таъминлаш бўйича белгиланган мақсади 30 фоизини ташкил этади. Бу билан снарядларни етказиб бериш дастурининг биринчи босқичи якунланди ва мамлакатлар иккинчисига, яъни мудофаа корхоналарига буюртмаларга ўтди.
Бунда, Брюссел тушунтиришича, асосий муаммо ишлаб чиқариш қувватларининг етарли эмаслиги бўлиб қолмоқда. Европа Иттифоқининг мудофаа саноати юқори малакали кадрлар ва учинчи давлатлардан сотиб олинадиган порох каби материаллар етишмаслиги сабабли муаммоларга дуч келишда давом этмоқда. Бироқ, Европа Иттифоқи ўз чегараларидан ташқаридаги ишлаб чиқарувчилар ҳам худди шундай муаммоларга дуч келаётганини таъкидлайди.
Шу муносабат билан Брюссел компанияларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришда қўллаб-қувватлаш, «Украинани зарур бўлган ҳамма нарса билан таъминлаш» ва ўз захираларини тўлдиришда давом этиш учун мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш бўйича янги стратегияни тайёрламоқда, деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. Бунга эришиш учун мамлакатлар мудофаа соҳасига қўшма сармояларни оширади.
Европа Иттифоқи 40 минг украиналик ҳарбийни тайёрлайди
Европа Иттифоқи вакили, шунингдек, 30 минг украиналик аскар ўқув миссиясида аллақачон ҳарбий тайёргарликдан ўтганини ва Брюссел қўшимча 10 минг аскар тайёрлашни мақсад қилганини айтди. Аскарлар ҳарбий раҳбарлик, янги техника билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтади, бундан ташқари, Киев миссиядан махсус кучларни тайёрлашни сўраган.
Европа Иттифоқи мудофаа вазирларининг 14 ноябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишида Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қишки техника ва ўқ-дориларни кейинги етказиб бериш масалалари муҳокама қилинади. Вазирлар, шунингдек, Киевга узоқ муддатда хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш мавзусига ҳам тўхталиб ўтади. 14 ва 15 декабр кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел бу борада таклиф билан чиқиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026