«ВУЛВЕРҲЭМПТОН» – «ТОТТЕНҲЭМ» (11 ноябр, 17:30)

Бемалол айтиш мумкинки, «Тоттенҳэм» АПЛда мавсум старти кашфиёти бўлди. Бежиз Пастекўғли қаторасига уч марта ойнинг энг яхши мураббийи бўлгани йўқ. Аммо жамоа ҳақиқий синовлар арафасида турибди. «Челси» билан ўйин шунчаки мағлубият, йўқотилган очколар эмас, оқибатлар нуқтайи назаридан ҳам муҳим бўлди. Ўйин жиҳатидан ҳатто тўққиз киши қолганда ҳам «Тоттенҳэм» ёмон кўринмади, аммо ушбу ўйиндаги жароҳатлар ва дисквалификациялар навбатдаги ўйинларда таъсир қилиши шубҳасиз.

Асосий марказий ҳимоячилар Ромеро (дисквалификация) ва ван де Вейн (жароҳат) майдонга туша олишмайди. Яна бир ҳимоячи Иенома Удожи ҳам «Челси»га қарши ўйинда майдондан четлатилганди. Жамоанинг ҳужум чизиғидаги асосий ижрочиларидан бири Жеймс Мэддисоннинг ҳам жароҳати жиддий бўлиб чиқди – у ҳатто йил охиригача шерикларига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Бунинг устига ротацион шаклда ўринларни тўлдириши мумкин бўлган Перишич, Ришарлисон, Соломон, Сессенон каби футболчилар ҳам турли жароҳатлар туфайли майдонга туша олмайди. Табиийки, янги қурилаётган ва бир йўлга тушиб олган жамоа учун бу йўқотишларнинг ўрни катта бўлади. Олдинда эса «Вулверҳэмптон»дан ташқари, «Астон Вилла», «Манчестер Сити», «Нюкасл» каби рақиблар кутиб турибди.

«Бўрилар» турнир жадвалида пастки ўринларда бораётган бўлса-да, айниқса, катта жамоаларга қарши ўйинларда бемалол қаршилик кўрсата олишини исботлаб улгуришди. Жамоа «Сити»ни мағлуб этди, «Нюкасл» билан ўйинда дурангга эришди. Ўз майдонидаги ўйинларда жамоа доим хавфли рақиб бўлиб келган. Хусусан, ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинда ҳам мезбонлар кичик ҳисобда ғалаба қозонганини эслаш мумкин.

«Вулверҳэмптон» таркибида жароҳатлар нисбатан камроқ, аммо Педру Нетунинг ўзи катта йўқотиш бўлиши керак. Дастлабки турларда у нафақат жамоа сафида, умуман АПЛда ҳам кўп кўрсаткичлар бўйича энг яхшилардан бўлганди. У миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейингина машғулотларга қайтиши мумкин. Шунингдек, Буэно ҳам «Тоттенҳэм»га қарши майдонга туша олмайди.

«ЧЕЛСИ» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (12 ноябр, 21:30)

«Челси» учун синов даври давом этяпти – ўтган турда пешқадам «Тоттенҳэм», бу сафар янги пешқадам «Манчестер Сити», танаффусдан кейин ҳали «Брайтон», «Нюкасл», «МЮ» каби рақиблар кутиб турибди. Тўғри, биринчи босқичдан яхши ўтилди, «Тоттенҳэм» устидан 4:1 ҳисобидаги ғалаба катта натижа, аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, Почеттино шогирдлари бир киши кўп бўлиб қолгандагина ҳисобни тенглаштиришди, кейинги уч гол эса, умуман рақиб 9 киши қолганда қарши ҳужумларда урилди. Барибир, «Челси» ўйинига ҳали саволлар кўплиги, ўтган турдаги ғалаба уч очкодан бошқа у қадар кўп ижобий хулосаларга сабаб бўлмаганини эътиборга олиш керак.