Ғазо секторида Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги шиддатли жанглар натижасида қирғоқбўйидаги энг йирик Аш-Шифо касалхонасининг фаолияти тўхтаб қолди. Бу ҳақда 12 ноябр, якшанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди. ЖССТ раҳбари Адҳаном Гебрейесуснинг айтишича, клиникадагилар уч кундан бери электр ва сувсиз ўтирибди, у ердаги вазият ўта хавфли тус олган.
Унинг сўзларига кўра, беморлар орасида ўлим ҳолатлари кескин ошган. Юзлаб касаллар, шунингдек, касалхона ҳудудидан бошпана излаган минглаб одамлар фронтлар орасида тузоққа тушиб қолган. Касалхона мажмуаси сўнгги кунларда қайта-қайта ўққа тутилган. «Чегара билмас шифокорлар» хайрия ташкилоти клиникадаги вазиятни «ҳалокатли» деб атади.
Клиникага ёнилғи етказиб берилмаяпти
Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари кеча туғилган чақалоқлар учун инкубаторларни қувватлантирадиган фавқулодда генератор учун касалхонага 300 литр ёнилғи етказиб беришганини, бу ҳаракатларни клиника вакиллари билан келишиб олганини хабар қилди. Аммо, уларнинг иддао этишича, ҲАМАС касалхонага бундан ортиқ ёнилғи етказишга гўёки рухсат бермаган.
Ғазо секторидаги яна бир касалхона - Ал-Қудс генераторлар учун ёгилғи етишмаслиги сабабли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди, дея маълум қилди Фаластин Қизил ярим ой жамияти. Аввалроқ Исроил ҳарбийлари касалхоналардаги беморлар ва шифокорларни эвакуация қилиш имкониятини тақдим этгани ҳақида хабар берган эди. ЦАҲАЛ Аш-Шифо клиникасига ҳужумлар бўйича айбловларни рад этяпти ва ҲАМАС жангчилари унинг бинолари ва улар остидаги туннелларда яширинганига ишора қиляпти. 13 ноябр куни эрталаб ҲАМАС вакиллари Ғазо сектори шимолидаги барча шифохоналар ишламаётгани тўғрисида эълон қилди.
ЖССТ Ал-Шифо касалхонаси ходимлари билан алоқа узилганини маълум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАСга қарши курашаётган Ғазо секторидаги Аш-Шифо касалхонаси ходимлари билан алоқа узилганини маълум қилди. 12 ноябр куни ЖССТ минтақавий офиси: «Касалхонага такрорий ҳужумлар ҳақида қўрқинчли хабарлар пайдо бўлаётгани сабабли, бизнинг ходимларимиз минтақадан қочган ўн минглаб кишилар сафига қўшилган бўлиши мумкин», дея маълум қилди ва яна бир бор «зудлик билан ўт очишни тўхтатишга» чақирди.
ЖССТ «тиббиёт ходимлари ҳамда юзлаб касал ва жароҳатланган беморларнинг хавфсизлигидан қаттиқ хавотирда», дейилади ташкилот баёнотида. «Мавжуд маълумотларга кўра, стационар беморларнинг сони касалхона сиғимидан деярли икки баравар кўп, бу шошилинч хизматлар ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдам билан чекланган бўлса ҳам кузатилмоқда», дея таъкидлаб ўтди ЖССТ.

















