Kun.uz олдинроқ Олий суд кассация инстанцияси Аҳмадбой номи билан машҳур фирибгарлик ишига оид ҳукмга қисман ўзгартириш киритгани, бу Аҳмадбойдан давлат эгалигига ўтказилиб, аукционда сотилган мулк билан боғлиқлиги ҳақида маълум қилганди.
Мақола чоп этилгандан сўнг Олий суд фуқаро Б.Қ.нинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганилаётгани, ундаги важлар ва мақолада кўтарилган масалаларга ўрганиш якунига етгач, ҳуқуқий баҳо берилишини билдирганди.
Мазкур иш чигаллашишда давом этмоқда.
Низоли уй тарихи
2015 йилнинг август ойида фуқаро Н.Т. Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги кўп қаватли уйда жойлашган квартирасини сотмоқчи бўлади. Таниши унга уйини сотиб олиш учун мижоз топиб беришини айтади. “Маклер” мазкур хонадонни 90 минг АҚШ доллари эвазига Аҳмадбойга сотади ва уй эгаси Н.Т. иштирокида нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади.
Аммо “маклер” Аҳмадбойдан маълум муддатга бўлиб-бўлиб олган 90 минг долларни уй эгасига бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Ушбу хонадон 2019 йилда суд ҳукми билан Аҳмадбойнинг бошқа мулклари қатори давлат эгалигига ўтказилган ҳамда аукцион савдоларига чиқарилган. Қарийб 2 йил давомида хонадон бир неча маротаба аукционга қўйилган, лекин сотилмаган.
Фуқаро Б.Қ. 2022 йил 27 апрел куни ўтган такрорий онлайн аукцион ғолиби бўлади ва уйнинг пулини тўлиқ тўлаб, мулкни ўз номига ҳужжатлаштириб олади. Бироқ мулк эгаси сифатида сотиб олган уйига бориб яшайолмайди. Сабаби, хонадонда уйни 2015 йилда Аҳмадбойга сотган Н.Т. истиқомат қилиб келмоқда. Янги эга хонадонни бўшатиб беришни сўрайди, аммо собиқ эга уйни ўз ихтиёри билан бўшатишдан бош тортади.
“Копток қилиб тепилган” иш
Н.Т. уйдан чиқмагач, Б.Қ. аёлни мажбурий тартибда чиқариш учун судга мурожаат қилган. Ишни 2022 йилнинг 22 август куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди кўриб чиқади. Суд даъво аризани қаноатлантириб, Н.Т.ни Олмазор тумани, Форобий кўчаси 12-уй 5-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.


















