Бундан бир неча кун олдин 2019 йилда йирик фирибгарлик туфайли айбланган ва «Авто 60 ой» иши доирасида суднинг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган Жамшид Баҳодиров очиқликка чиққани ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Аслида бу ҳайрон қоладиган иш эмас ва бошқа узоқ муддатларга қамалганлар ҳам жиноят кодексидаги бўшлиқлар туфайли катта эҳтимол билан озодликка чиқаётган бўлиши мумкин.

Яъни Жамшид Баҳодировнинг муддатидан анча аввал озод қилиниши биринчи ва охирги ҳолат эмас. Агар қонунлардаги бўшлиқлар тўғриланмаса бу иш давом этаверади, оқибатда фирибгарлик баттар урчийверади. Зеро, жазо муқаррар бўлмаган тизимда бошқача ҳолатни кутиб ҳам бўлмайди.

Бироқ дунёнинг бошқа давлатларида бундай эмас ва уларда фирибгарлик билан аёвсиз курашилади. Фирибгарлик содир этиб, одамларнинг пулларини ўзлаштирадиган шахслар узоқ муддатга қамалади. Ҳатто кексайиб қолганларга ҳам раҳм қилинмайди.

Ана шундай ишлардан бири америкалик машҳур фирибгар Бернад Мейдофф билан содир бўлган. У узоқ йиллар давомида молиявий пирамида ташкил этиб, одамларнинг йирик миқдордаги пулларини ўзлаштиргани учун 150 йилга (!) қамалган.

Бернард Мейдоффга ҳукм ўқиган судя ўша пайтда фирибгарнинг кексайиб қолганини ва ёши 71 да эканини ҳам инобатга олмаган. Бизда эса ...

Бернард Мейдофф
www.alamy.com

Бернард Мейдофф ҳақида

1938 йилда туғилган Бернард Ню-Йоркдаги обрўли мактаблардан бирида таҳсил олади. 1956-1960 йилларда коллежлардан бирида ўқийди ва сиёсий фанлар бўйича бакалавр дипломини олади.

1960 йилда у Madoff Investment Securities компаниясини ташкил этади. Кейинроқ у компаниясига акаси ва жиянларини ҳам жалб қилади.

1970-йиллар бошида Ню-Йоркда NASDAQ (National Association of Securities Dealers Automated Quotation) фонд биржаси ташкил этилади ва Бернард унинг асосчиларидан бири бўлади.

NASDAQ иш бошлаганидан сўнг Бернард бир муддат ўз компанияси билан биржа савдоларида ҳам қатнашади ва қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланади.

1980-йиллар бошларида тадбиркор ўз компаниясини кенгайтиради ва унда директорлар кенгаши раиси бўлади. Шунингдек, у NASDAQ фонд биржаси директорлар кенгаши аъзоси, 1990-йиллар бошларида фонднинг раиси бўлади.