Жаҳон | 15:32 / 14.11.2023
4496
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинага 8 млрд евролик ёрдам тақдим этади

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари ОАВнинг Украинага кўп миллиардлик янги ёрдам пакети ҳақидаги хабарларини тасдиқлади. Бу Германия Украинани қўллаб-қувватлашининг кучли белгиси бўлади, деди у. 

Фото: AP

Германия Украинага камида 8 миллиард евро миқдорида янги ёрдам тақдим этади, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус. Гап айнан шунча миқдор ҳақида боряпти, дея тасдиқлади у 14 ноябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ мамлакатлари мудофаа идоралари раҳбарлари йиғилишида ва бу режа амалга ошишига умид билдирди. Якуний қарорни Бундестаг қабул қилиши керак. «Мен ҳақиқатан ҳам бу амалга ошишига умид қиламан», деб қўшимча қилди немис вазири

Писториус Украинага кўп миллиард евролик янги ёрдам пакетини тақдим этишни амалга ошириш осон бўлмаслигини тан олди. Бироқ, бу қарорнинг қабул қилиниши бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида Россиядан ҳимояланаётган Украинани қўллаб-қувватлашнинг «кучли сигнали» бўлади, дея қўшимча қилди у. 

Шу тариқа, Германия ҳукумати Bild am Sonntag газетасининг 12 ноябр куни Берлиннинг Украина учун 8 миллиардлик режаси ҳақидаги хабарини тасдиқлади. Bloomberg Германия Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар оширганини хабар қилди. Расмийлар парламентда давом этаётган процедурага асосланиб, бу маълумотга ҳали изоҳ бермади. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Киевга ёрдамни сезиларли даражада ошириш режасини тасдиқлади, холос. 

Писториус: ЕИ Киевга 1 миллионта снаряд бериш мақсадига эриша олмайди 

Шу билан бирга, Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Европа Иттифоқи Украинани 2024 йил мартигача 1 миллион артиллерия снарядлари билан таъминлаш мақсадига эриша олмаслигини айтди. «Бир миллионта снаряд етказиб берилмайди, бу - аниқ», деди у европалик ҳамкасблари билан учрашувда. У мудофаа саноатини ишлаб чиқаришни оширишга чақирди. 

2023 йилнинг март ойида ЕИ Киевга бир йил ичида 1 миллион артиллерия снарядларини етказиб беришга қарор қилди, асосан НАТО стандартига мос келадиган 155 миллиметрли снарядлар тақдим этилиши назарда тутилганди. Февралдан майгача ЕИ Киевга 300 минг дона ҳар хил турдаги ўқ-дорилар – артиллерия снарядларидан тортиб ракеталаргача берди. Шу билан бирга, 10 ноябр куни Брюссел Европа Иттифоқи март ойигача Киевга бир миллион дона ўқ-дорилар етказиб бериш ниятидан воз кечмаётганини маълум қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид