Россия эса Украина томон йўл олган хорижий кемага ҳалокатли «огоҳлантирувчи ўқ узиш» амалга оширди. Россия ҳаво ҳужумларининг давомийлигини бир неча карра узайтирди. Россияда ишлаб чиқарилаётган Shahed дронлари Эронникидан айёрроқ чиқиб қолди. Украина номаълум турдаги дронлар билан Россиянинг ичкарисига ҳужум уюштиришга муваффақ бўлди. Европаликлар эса йил охирига бориб Украинада урушни давом эттиришдан маъни бор-йўқлигини аниқлаштириб олиш кераклигига шама қилишмоқда.

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.

Украина ҚК Днипронинг сўл қирғоғида плацдармни кенгайтирмоқда

Фронтдаги вазият Днипро йўналишининг Кринки қишлоғи атрофидан бошқа ҳамма жойда барқарорлашди. УҚК ва РФ ҚКнинг аввалги «қайноқ» нуқталардаги алоҳида ҳужумлари муваффақият келтирмаган.

Кринки қишлоғи атрофида Украина ҚК илгарилаш намойиш этмоқда. Биринчидан, Россия манбаларига кўра, УҚК алоҳида зирҳли техникаларга эга бригадаларни сўл қирғоққа олиб ўта бошлаган, бу эса ҳудудда плацдарм жуда чуқурлашганидан, қўшимча ҳужум қувватини таъминловчи техникалардан фойдаланиш ва уларни беркитиш мумкинлигидан далолат беради.

Иккинчидан, УҚК қишлоқнинг марказида муваффақиятга эришиб, жануброқдаги дарахтзорларни эгаллаган ва у ерда янги таянч пунктлари барпо этган. Бу эса россияликларнинг келгусидаги қарши ҳужумларига қарши мустаҳкам ўрнашиб олиш имконини беради. Россия қўмондонлиги ўрта муддатли истиқболда сўл соҳилда қишда йирик операция ўтказиш имконини берувчи бундай плацдармлар пайдо бўлишига асло кўнмайди. Тўғри, тан олиш керак, УҚКнинг келгуси ҳаракатлари ҳозирча депсиниб қолди, Россия ҳарбийлари бу ерда пистирма қўйиб, бирваракайига 11 украин аскарини асирга олишган.

Асирлар ҳақида. Украина қўмондонлиги ҳафта ичида яна бир россиялик ҳарбий асирлар колонияси очилганини эълон қилди, чунки асирлар сони ошиб бормоқда, уларни жойлаштиришга эса жой йўқ – томонлар ўртасида асирлар алмашинуви тўхтаб қолган. Чиндан ҳам, аввал томонлар ҳар ойда мунтазам равишда ўнлаб, ҳаттоки юзлаб ҳарбий асирларни алмашиб туришган бўлса, уч ойдан буён бундай алмашинувлар амалга ошмаяпти. Бу жараён тўхтатилгани сабаблари ошкор этилмаяпти. Бу «ғалла битими» узилиб қолгани ва унинг ортидан рус-украин келишувларининг катта қисми тўхтаб қолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.