Азалдан ўзаро яхши муносабатларда бўлмаган Туркия ва Эрон Ғазо масаласида биргаликда ҳаракат қилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин, борди-ю шундай бўлиб чиқса, бу бирлашув Ғазодаги критик вазиятни юмшатишга ёрдам берадими? «Геосиёсат»нинг бу галги сонида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромов айни шу мавзу юзасидан фикрларини билдирди.

— Миср Эроннинг гуманитар ёрдамини ўз чегара постидан ўтказмаслигини билдирди, икки давлат ўртасида қандай келишмовчилик бор?

— Бу нарсани Миср ва Эрон келишмовчилиги эмас, Ғазодаги вазият фонида бўлаётган жараён сифатида баҳолаш керак. 2022 йилдан Эрон ва Миср ўртасида муносабатларни меъёрлаштириш бошланган, ундан олдин ёмон эди муносабатлар.

1979 йилда Эронда Ислом инқилоби пайтида Муҳаммад Ризо Паҳлавийга Қоҳирадан бошпана берилган эди, бу эса Ислом инқилоби етакчиларини ғазаблантирган. Эрон ва Ироқ урушида ҳам Миср Ироқ томонда турган, бу ҳам бир сабаб бўлган. 90-йиллар бошида Миср президенти Анвар Садатни ўлдирган эронлик киши номи Теҳрондаги кўчалардан бирига берилган эди, бу эса ўзаро келишмовчиликларни кучайтирган. 2012 йили Мисрда Муҳаммад Мурси ҳокимиятга келгач, у ислом давлати тузмоқчи бўлган ва Эрон ва Миср ўртасида давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар бўлган. Лекин инқилоб бўлиб Сиси ҳокимиятга келгач, муносабатлар яна ёмонлашган, 2022 йилга қадар.

2022 йилда бутун Яқин Шарқ минтақасида меъёрлаштириш ишлари бошланган эди. Бу жараёнга Миср ҳам қўшилиб, Эрон билан, Туркия билан алоқаларни яхшилашни бошлаган эди.

Октябр (7 октябр ҲАМАС-Исроил уруши) ойида бошланган уруш фонида Эрон ва Миср позициялари бир-бирига яқин келган эди. Икки томон ҳам Исроилдан ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётганди. Лекин Мисрдаги Рафаҳ пости очилиб, гуманитар ёрдамлар бораётган пайтда Эроннинг гуманитар ёрдамлари олиб ўтилишини Миср томони нозик дипломатик тушунтиришлар билан рад қилди. Исроил ҳукумати ҳам Эрон юкларини ўтказмаслик талабини қўйган. Ғазодаги инқироздан зарар кўрувчи биринчи араб давлати Миср ҳисобланади.

АҚШ ва коллектив Ғарб томонидан қўлланаётган Ғазо аҳолисини Синай яриморолига кўчириш лойиҳаси Миср учун яхши эмас. Тарихда Миср бу нарсанинг аччиғини тотиб кўрган, Иордания ва Ливан ҳам. Лойиҳа бўйича 800 мингдан ортиқ аҳоли кўчирилиши Миср учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундоқ ҳам иқтисодиёти ёмон бўлган Миср учун катта ортиқча юк бўлади.