Жаҳон | 11:28 / 16.11.2023
4164
3 дақиқада ўқилади

Германия президенти: Москва қочқинлардан ўз мақсадлари учун фойдаланмоқда

Штайнмайер ва Ниинистёнинг таъкидлашича, Россия Ғарб давлатларини беқарорлаштириш учун қочқинларга чегараларни кесиб ўтишига атайлаб ёрдам бермоқда.

Фото: Bernd von Jutrczenka/dpa/picture alliance

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер ва унинг финландиялик ҳамкасби Саули Ниинистё Россияни Ғарб давлатларини беқарорлаштириш мақсадида қочқинларга атайлаб чегарадан ўтишда ёрдам беришда айблади. «Биз биламизки, чегара яқинидаги Россия чегара идоралари келаётганларга ёрдам беряпти», деди Ниинистё 15 ноябр, чоршанба куни Боннда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Финландия президентининг сўзларига кўра, учинчи давлат фуқаролари Финландияга Россиядан келади ва у ерда улар пуллик ёрдам олиши мумкин. Одатда, гап ҳужжати бўлмаган муҳожирлар ҳақида боради, уларнинг аксарияти Финландия орқали Германияга йўл олиши мумкин, деди Ниинистё. Унинг қайд этишича, Финландияда сўнгги пайтларда Россия чегарасида муҳожирлар сонининг кўпайиши қайд этилган. 

Россиядан Беларус ва Полша орқали Германияга келаётган қочқинлар сони ортиб бормоқда 

Штайнмайернинг таъкидлашича, охирги пайтларда қочоқлар Марказий Европага, масалан, Ғарбий Болқон орқали етиб борадиган одатий йўллардан ташқари, Россиядан Беларус ва Полша орқали Германияга чегарани кесиб ўтиши ҳолатлари тез-тез учраяпти. «Албатта, бу миграция ва қочқинларни қабул қилиш борасидаги немис ички мунозараларини осонлаштирмайди», деди у. 

«Россия ва бошқа мамлакатлардаги одамлар бу муҳокамалар қанчалик қийинлигини, улар Финландия ва Германия каби мамлакатларда ҳам ички тартибсизликлар ва сиёсий қийинчиликларни келтириб чиқараётганини яхши билишига ишонаман. Шунинг учун мен бу мутлақо беихтиёр содир бўлаётгани йўқ деб ўйлайман», - дея қўшимча қилди Германия президенти. 

Финландия 16 ноябр куни Россия билан чегарадаги чегара постларини ёпишни режалаштирмоқда

Финландия ҳукумати миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида 16 ноябр куни Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпиш ниятида, дея хабар бермоқда Helsingin Sanomat ва Ilta-Sanomat маҳаллий нашрлари манбаларга таяниб.

Уларнинг эслатишича, 15 ноябр куни мамлакат ички ишлар вазири Мари Рантанен чегарада янги чеклов чоралари бўйича матбуот анжумани ўтказиши керак эди, бироқ у бекор қилинди. Helsingin Sanomat хабарига кўра, бунга «чегарадаги вазиятнинг ёмонлашиши» сабаб бўлган ва шунинг учун ҳукумат янада қаттиқроқ чекловлар тайёрлашга қарор қилган. 

Ҳозирча барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпиладими ёки айримларими, бу - аниқ эмас, деб ёзади нашр. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид