Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шайхонтоҳур туманидаги «Баланд» масжидининг тарихий биноси янги қурилиш сабаб хавф остида қолгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан маълумот берди.

Ҳокимлик масжиднинг тарихий биноси сақланиб, янги бино ичида қолишини маълум қилди.

«Тарихий бино „консервация“ қилинади, лекин шу билан бирга, ўзининг бирламчи вазифасини сақлаб қолади ва намоз ўқиш жойи сифатида хизмат қилишни давом эттиради. Унда таҳоратхоналар, ходимлар учун ошхона ва бошқа замонавий шароитлар яратилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундай ёндашув тарих ва замонавийлик уйғунлигини сақлашда оптимал ёндашув экани, келгусида уни тарихий аҳамиятга эга бошқа диний объектларда ҳам қўллаш режалаштирилгани қўшимча қилинган.