АҚШ ва Хитой гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш, ҳарбий алоқалар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жозеф Байден Сан-Францискода Хитой раҳбари Си Жинпинг билан бўлган учрашувдан сўнг маълум қилди.
«Биз Хитой билан муносабатларда сезиларли ютуқларга эришганимизга ишонаман. Қўшма Штатлар ва Хитой Халқ Республикаси узоқ йиллардан сўнг гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ҳамкорликни қайта тиклаганини маълум қилишдан мамнунман», деди Байден журналистларга.
Байденнинг таъкидлашича, фентанил 18-49 ёшдаги америкаликлар ўлимининг асосий сабабидир.
«Бугунги кунда ушбу янги тушунча билан биз Хитойдан Ғарбий яримшарга прекурсор кимёвий моддалар ва таблеткалар оқимини сезиларли даражада камайтириш бўйича чора кўрмоқдамиз. Бу ҳаётни сақлаб қолади ва мен раис Си Жинпингнинг бу ишга содиқлигини қадрлайман», деди АҚШ раҳбари.
АҚШ президенти Хитой билан ҳарбий жабҳада «очиқ, аниқ ва тўғридан-тўғри мулоқотга қайтганликларини» айтди ва бу ривожланиш «танқидий» эканлигини таъкидлади.
Байден, шунингдек, АҚШ ва Хитой «сунъий интеллект билан боғлиқ хавф ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун» ўз мутахассисларини йиғишини айтди.
Америка етакчисининг айтишича, хитойлик ҳамкасби Си Жинпинг билан учрашувда қатор глобал муаммолар, жумладан, Россия-Украина можароси ва Ғазо секторидаги воқеалар юзасидан фикр алмашилган.
Байденнинг айтишича, Си Жинпинг билан учрашувида у Тайван бўғозида тинчликни сақлаш муҳимлигини таъкидлаб, америкалик бизнес ва ишчиларнинг минтақадаги савдосини ноқулай аҳволга солиб қўядиган вазиятларга қарши чиққан.
«Бугунги ижобий қадамларимизни олқишлайман», деди Байден ва АҚШ билан Хитой «юқори даражадаги дипломатияни сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлашда» давом этишини қўшимча қилди.
Хитой раҳбари Си Жинпинг Вашингтон маъмуриятига Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслик, экспорт чекловлари, сармоя назорати ва бир томонлама санкциялар орқали Хитойнинг технологик ривожланишига тўсқинлик қилишга уринмаслик кераклигини аниқ айтган.















