АҚШ-Хитой алоқалари нима учун муҳим?

16 ноябр куни АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида Жо Байден ХХР раиси Си Жинпинг ўртасида учрашув ўтказилди. Учрашувни бутун дунё экспертлари ва сиёсий доиралар катта қизиқиш билан кузатиб турди. Бу икки давлат алоқалари, нимаси билан муҳим? Икки давлат раҳбарининг учрашувидаги асосий интрига нимада эди? 

АҚШ ва ХХР – дунёнинг биринчи ва иккинчи қудратли давлатлари ҳисобланади. Уларнинг иқтисодий, ҳарбий, сиёсий ва дипломатик ресурслари дунёда етакчи ўринларда. Улар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик эса дунёдаги энг йирик муносабатлар ҳисобланади. 2022 йилда АҚШ ва ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий айланма ҳажми 700 миллиард доллардан ошган. 

Байден ва Жинпингнинг ушбу учрашувига эътибор ҳар доимгидан юқори бўлди. Биринчидан, бу – ушбу икки давлат раҳбарларининг 2017 йилдан бери биринчи бор АҚШда кўришишидир. 2022 йил ноябрида икки давлат раҳбарлари Индонезиянинг Бали оролида, «Катта йигирматалик» саммити доирасида кўришганди. 

Шундан буён дунёдаги геосиёсий вазият янада кескинлашди. Россиянинг Украинага босқини даврида Хитой-Россия тандеми шакллангандек тасаввурлар пайдо бўлди. Хитой ҳеч бўлмаганда маънавий жиҳатдан Россияни қўллаб турибди. 

Октябр ойида эса Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан Исроил-Фаластин уруши янгиланди ҳамда араб-мусулмон дунёсининг Исроил-АҚШ иттифоқига қарши тирашуви мутлақ янги даражага чиқди. Мана шу фонда ҳам Хитойнинг Эронга, араб давлатларига, Яқин Шарққа таъсир қилиш имкониятлари янада муҳим геосиёсий ўлчамга эга бўлмоқда. 

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг икки қавати бор. Фундаментал даражада бу икки давлат – стратегик рақиблар. 21 асрда қайси бир давлат дунёда етакчи бўлиши – жорий рақобат натижасида маълум бўлади. 

АҚШда чиқариладиган стратегик ҳисоботларга ва ҳукумат экспертлари хулосаларига кўра, ХХР – АҚШ учун стратегик таҳдид ҳисобланади. Хитой учун ҳам АҚШ – дўстона давлат сифатида кўрилмайди. АҚШнинг бож тўловлари сиёсати «душманона қадам» сифатида баҳоланади. Қолаверса, Пекинга АҚШнинг Тайван борасидаги сиёсати умуман маъқул эмас. Бу икки давлат бир-бирини энг катта рақиб, мухолиф сифатида кўради. Шунинг учун ҳам улар ўз ҳарбий салоҳиятини парваришлаб бормоқда. 

Айни дамда бу икки давлатнинг ўзаро муносабатларини нормаллаштириш, нариги томоннинг қўлловини қўлга киритиш – шу кунлардаги зарурат ҳисобланади. АҚШ учун Хитой – Украина, Россия, Яқин Шарқ ва Эрон масалаларида ёрдам бериши мумкин бўлган қудратдир. Лекин Хитой буни истайдими? Эвазига нима сўрайди?