Жаҳон | 12:41 / 18.11.2023
7117
3 дақиқада ўқилади

Киев: Россия 2300 дан ортиқ украиналикларни асирда ушлаб турибди

Ҳукумат комиссияси Россияда 4337 нафар Украина фуқароси асирга олингани, улардан 3574 нафари ҳарбий ва 763 нафари тинч аҳоли эканини аниқланганини маълум қилди. Улардан 1953 нафари асирликдан озод этилган.

Фото: War/Handout/REUTER

Украина ҳукумати маълумотларига кўра, 2,3 мингдан ортиқ Украина фуқароси ҳамон Россияда асирликда. Бу ҳақда 17 ноябр, жума куни Киевда Реинтеграция вазирлигида бўлиб ўтган комиссия йиғилиши якунлари бўйича маълум бўлди. «Озодликдан маҳрум қилиш факти 4337 нафар киши (3574 нафар ҳарбий ва 763 нафар фуқаро)га нисбатан аниқланиб, улардан 1953 нафари асирликдан озод этилган», — дейилади вазирлик сайтида Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук раислигидаги комиссия ишининг оралиқ якунлари бўйича.

2022 йил 19 ноябрда тузилган комиссия таркибига 18 киши (шундан 5 нафари жамоат ташкилотлари вакиллари) киради. Бугунги кунга қадар комиссиянинг 8 та йиғилиши ўтказилди. Уларнинг натижаларига кўра, тегишли маълумотлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари натижасида эркинликдан маҳрум қилинганлик факти аниқланган шахсларнинг ягона реестрига киритилади. Реестр маъмури, хабарда кўрсатилишича, Реинтеграция вазирлиги бошқарувига кирувчи Миллий ахборот бюроси ҳисобланади. 

Натижаларга кўра, Реинтеграция вазирлиги бир марталик ва йиллик давлат пул ёрдамини тўлайди. Шу тариқа, жорий йил бошидан бери асирликдан озод қилинган одамларга, шунингдек, ҳарбий асирлар, гаровга олинганлар ва сиёсий маҳбусларнинг оилаларига 422 миллион гривна (тахминан 11 миллион евро) тўланган. 

Ёздан бери маҳбуслар алмашинуви тўхтатилган 

Украина ва Россия ўртасида охирги марта маҳбуслар алмашинуви 7 август куни бўлиб ўтган. Ўшанда Украина яна 22 нафар ҳимоячини Россия асирлигидан қайтарди. Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец айтишича, бу Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан буён 48-алмашинувдир. 

Лубинецнинг сўзларига кўра, баъзида унда Россия томони асирга олинган россияликларга «умуман қизиқмайди» деган таассурот уйғонади. «Баъзан россияликлар учун ўзларининг ҳарбий асирларидан ҳам, украиналик ҳарбий асирларнинг қариндошларидан ҳам фойдаланиш қизиқроқдир, лекин бизникиларни уйига қайтариш мавҳум масала бўлиб қоляпти», деди у. 

Украинада ҳарбий асирлар учун янги лагер очиляпти 

Ноябр ойи бошида Киев россиялик ҳарбий асирлар учун иккинчи лагер тайёрлаётгани маълум бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, 300 нафар ҳарбий асирга мўлжалланган янги «Запад-2» лагери Молдова билан чегарадаги Винница вилоятида жойлашади. 

Аввалроқ Лвив вилоятидаги «Запад-1» лагерида 600 га яқин жой борлиги хабар қилинган эди. Таслим бўлган россияликларнинг аниқ сони номаълум. Ўз навбатида, Россия томони маълумотларига кўра, Украинада 500 дан ортиқ россиялик аскарлар ҳарбий асир сифатида сақланмоқда. 

Дмитрий Лубинецга кўра, уруш пайтида деярли 2600 ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли Москвадан Киевга топширилган, бу Реинтеграция вазирлиги ҳузуридаги комиссия маълумотларидан бироз фарқ қилади, Россия эса бунинг эвазига номаълум миқдордаги ҳарбий асирларни олган.

Мавзуга оид