Жаҳон | 08:20 / 18.11.2023
7083
2 дақиқада ўқилади

Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокаралар санаси кечиктирилиши мумкин

Reuters агентлиги суҳбатдоши Европа Иттифоқининг 27 давлати декабрдаги саммитда Украина бўйича келишувга эриша олишига шубҳа билдирди. 

Фото: AP

Европа Иттифоқи Киев билан Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокараларни бошлаш қарорини кейинга қолдириши мумкин. Бу ҳақда 17 ноябр, жума куни ЕИнинг декабрдаги саммитига тайёргарлик жараёни билан таниш бўлган Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийсига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди

8 ноябр куни Еврокомиссия Европа Иттифоқи кенгашига Украинани Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди. Тегишли қарор декабр ойидаги саммитда ҳамжамиятнинг 27 давлати раҳбарлари томонидан тасдиқланиши режалаштирилган эди. «Ўйлайманки, баъзилар: «Март ойида бунга қайтайлик», дейишни мўлжалламоқда», деди Reuters манбаси ва Венгрия Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакати томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин бўлган қарорга қарши чиқиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Украинани қўллаб-қувватлаш режалари синовдан ўтмоқда 

Бундан ташқари, агентликнинг таъкидлашича, Киев ҳукуматига 50 миллиард евро миқдорида қўшимча ёрдам тўлаш бўйича келишувга ҳалигача эришилмаган. Украинани қўллаб-қувватлаш керак бўлгунча давом этиши ҳақидаги баёнотлар синовдан ўтмоқда. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари бу жуда қимматга тушишини тушунади. 

Еврокомиссиянинг Украинага 2024 йилдан 2027 йилгача барқарор молиявий ёрдам кўрсатиши керак бўлган махсус жамғарма ташкил этиш орқали Киевга ўнлаб миллиард евро ажратиш таклифи турли томонлардан танқидга учради, дея таъкидлади агентлик. «Биз Украинанинг хонавайрон бўлишига йўл қўя олмаймиз, бу вариант эмас. Лекин бу осон ҳам эмас», - деди Reuters манбаси. 

Мавзуга оид