Жаҳон | 13:22 / 22.11.2023
13313
17 дақиқада ўқилади

«Жанубий Америка Трампи» – Аргентинанинг янги президенти ҳақида нималар маълум?

2023 йил 19 ноябр, якшанба куни Аргентинада ўтказилган президентлик сайловининг иккинчи босқичида ғолиб номи аниқланди. Хавиер Милей мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Уни сиёсий қарашлари, ғалати ишлари ва қилиқлари туфайли АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга ўхшатишади.

Фото: BBC

«Моторли аррага эга иқтисодчи» деган ноёб лақабли янги президент – Хавиер Милей Аргентинада бюджет харажатларини жиддий равишда қисқартирмоқчи. Шунингдек, у мамлакатнинг BRICS’га киришига қарши.

Аргентинада ўнг қанот «Озодлик келяпти» алянси бир қисми бўлган Либертарианлар партиясига раҳбарлик қилувчи Хавиер Милей президентлик сайловларида ғалаба қозонди.

Дастлабки натижаларга кўра, у 56 фоизга яқин овоз тўплаган. 20 ноябр, душанбага ўтар кечаси Милейни сайловлардаги ғалабаси билан унинг рақиби, «Ватан учун иттифоқ» ҳукмрон коалициясидан номзод бўлган Аргентина иқтисодиёт вазири Серхио Масса табриклади.

«Мен Хавиер Милей билан боғланиб, уни табрикладим ва омад тиладим, чунки у аргентиналикларнинг кўпчилиги кейинги тўрт йилга танлаган президент», - деди Серхио Масса овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдин.

Бундан ташқари, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва X ижтимоий тармоғи орқали Аргентина янги ҳукуматига Милей исмини тилга олмай, «омад ва муваффақият» тилади.

Чили президенти Габриэл Борич Фонт ҳам X ижтимоий тармоғида Милейга табрикларни етказди.

Фақат Колумбия президенти Густаво Петро Аргентинадаги президентлик сайловларида ўнг қанот номзоди ғалабасидан ҳафсаласи пир бўлганини билдириб, буни «Лотин Америкаси учун қайғули воқеа» деб атади.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Милей билан «жуда фахрланиши»ни айтди. 2024 йилда АҚШ президентлиги учун яна курашмоқчи бўлган республикачи: «Сиз ўз мамлакатингизни ривожлантирасиз ва Аргентинани яна буюк қиласиз», деб ёзган.

Хавиер Милей ўз сайловчиларга нималарни ваъда қилганди? Аргентина янги президенти давлатнинг фуқаролар ҳаётига аралашувини минимал кўринишга келтирмоқчи.

У Марказий банкни тугатмоқчи ва миллий валюта песо ўрнига АҚШ долларидан фойдаланишни таклиф қиляпти. Сайловолди кампанияси давомида Милей Россия, Хитой ва Бразилиянинг «коммунистик» ҳукуматлари билан алоқаларни узиш режасини ҳам эълон қилди.

Иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун моторли аррани ўзига тимсол сифатида танлаган Милей давлат хизматчилари сонини камайтириб, шу йўл билан бюджет харажатларини жиддий қисқартирмоқчи.

Фото: alamy.com

Хавиер Милей ким ўзи?

Хавиер Милей 1970 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда автобус ҳайдовчиси оиласида туғилган. У 12 ёшда эканида мамлакатда гиперинфляция содир бўлади ва мамлакат пул бирлиги хазонга айланади. Хавиерда ўша пайтда иқтисодиётга қизиқиш пайдо бўлади.

Кейинроқ у «Чикарита Жуниорс» футбол жамоасида дарвозабон бўлади. «Эверест» гуруҳида қўшиқ айтади. Охир-оқибат иқтисодиётга қизиқиш устунлик қилади ва олий таълимни шу йўналишда олади.

Хавиер 20 йил давомида макроиқтисодиёт профессори даражасига чиқади ҳамда Аргентинада ва хориждаги бир қатор олий таълим муассасаларида иқтисодиётдан дарс беради. Шунингдек, у бир қатор йирик компанияларда бош иқтисодчи сифатида фаолият олиб боради.

Жумладан, 1990-йиллар охирида Милей HSBC банкида иқтисодчи бўлиб ишлаган ва ҳарбий хунта давридаги таниқли шахс, ўша пайтда парламент аъзоси бўлган генерал Антони Буссининг маслаҳатчиси бўлган.

2013 йилдан 2017 йилгача Милей Буэнос-Айрес губернатори, машҳур перонист Даниэл Скиолининг Fundación Acordar таҳлил марказида бош иқтисодчи бўлиб ишлаган.

Шундан сўнг ва 2021 йилгача у аргентиналик миллиардер Эдуардо Эрнекяннинг Corporación América ҳолдинг компаниясида фаолият олиб борган. Хавиер катта сиёсатга 2021 йилда кириб келади.

У Аргентина дуч келаётган иқтисодий муаммоларда социализмни айблайди. Бундан ташқари, у Рим папасини ёқтирмайди ва абортга қарши (Аргентинада бу иш 2020 йилда қонунийлаштирилган).

Фото: elespectador.com

Хавиер Милейнинг сайловолди дастури

Аргентина президентлиги учун ўз номзодини қўяр экан, Хавиер сайловчиларга кутилмаган ваъдаларни берди.

Жумладан, у миллий валюта – песодан воз кечиб, АҚШ долларига ўтмоқчи. Марказий банк ва бир қатор вазирликларни тугатмоқчи. Аргентинанинг BRICS’га киришига қарши.

Унинг сайловолди дастурида тилга олинган бу масалалар дунёнинг етакчи иқтисодчиларида хавотир уйғотмоқда.

Хавиер Милейни унинг ташқи кўриниши, тизимга муносабати, аборт ва глобал исиш ҳақидаги қарашлари туфайли доимо Доналд Трамп билан таққослашади. Шунингдек, соч турмаги туфайли америкалик қўшиқчи Элвис Преслига ўхшатишади.

Президентликка ўз номзодини қўйганидан сўнг ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда унинг шахсий ҳаёти тафсилотлари кенг муҳокама қилинмоқда.

Омма сиёсатчи синглиси ва ўлган итининг тўртта клони билан бирга яшашини шунда билди.

Фото: infobae.com

Сайлов ва ғалаба

Аргентинада президентлик сайловининг биринчи босқичи 2023 йил 22 октябр куни бўлиб ўтди. Сайловдан аввал барча Милей ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилганди.

У биринчи босқичда 30 фоиз овоз олди. Милейнинг рақиби, «Ватан учун иттифоқ» ҳукмрон коалициясидан номзод бўлган Аргентина иқтисодиёт вазири Серхио Масса эса 21,4 фоиз овоз олди. Бошқа номзодларнинг кўрсаткичлари жуда паст бўлди.

Биринчи турдаёқ ғалаба қозониш учун номзодлардан бири 50 фоиздан кўп овоз олиши керак эди. Бу иш амалга ошмади ва 19 ноябр кунига сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши белгиланди.

Биринчи босқичдан сўнг Милей дарҳол сайловда 3-ўринни эгаллаган Аргентина Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Патрисия Булрич билан учрашди.

Бу аёл собиқ президент Маурисио Макри жамоасидан бўлиб, уни Милей ўтмишда фашист ва социалист деб атаганди. Булрич билан учрашувдан сўнг, Милей барча позициялар бўйича у билан 90 фоиз ҳамфикр эканликларини айтди.

Шундан сўнг Патрисия Булрич ўз сайловчиларни иккинчи турда Милейга овоз беришга чақирди. Иккинчи босқичда Милей 56 фоизга яқин овоз тўплади ва ғалаба қозонди.

«Мен Хавиер Милей билан боғланиб, уни табрикладим ва омад тиладим, чунки у аргентиналикларнинг кўпчилиги кейинги тўрт йилга танлаган президент», - деди Серхио Масса овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдин.

Кўп ўтмай Милейни Лотин Америкасидаги бошқа давлат раҳбарлари ва собиқ раҳбарлар табриклай бошлашди. Энди у навбатдаги тўрт йилда Аргентинани бошқаради. Инаугурация маросими 10 декабр куни бўлиб ўтади.

Сайловда ғалаба қозонган Хавиер Милей саҳнада рақсга тушди

Телекўрсатувлар ва ижтимоий тармоқлар орқали оммалашиш

Уч йил аввал Милейга сиёсатдан гапиришса, «Бу ифлос, арзон ва аҳмоқона санъат» деб жавоб берарди. Бироқ кўп ўтмай вазият ўзгарди ва у ўзини катта сиёсатга урди.

Милей машҳурликка икки йил ичида эриша олди. У мамлакатга асосан телешоулардаги чиқишлари ва рақибларини қаттиқ танқид қилиш орқали танилди.

Милейни бошида турли телешоу ва кўрсатувларга иқтисодчи сифатида таклиф этишарди. Ўшанда у мамлакатдаги иқтисодий ҳолат билан бирга сиёсат ҳақида ҳам гапирарди. Шунда одамларга унинг таклифлари жўяли бўлиб туюла бошлади.

Милей ўз сиёсий ва иқтисодий таҳлиллари билан мамлакатда шу қадар оммалашдики, уни «Телевидение студиясидан чиққан сиёсатчи», «Instagram ва ТikTokʼдан президентликка номзод» деб атай бошлашди.

Шу тариқа, 53 ёшли Хавиер Милей катта сиёсатга 2021 йилда кириб келади ва ўша йили июл ойида у «La Libertad Avanza» («Эркинлик босиб келмоқда») либертариан алянсига асос солади. Октябрда эса Буэнос-Айрес туманларидан биридан парламентга сайланади.

У телекўрсатувлардаги чиқишларида нафақат аргентиналик сиёсатчиларга нисбатан қаттиқ гапирарди, балки жонли эфирда тез-тез бақирарди. Бу уни мамлакат бўйлаб машҳур қила бошлади.

Милей иштирок этган кўрсатувлардан унинг алоҳида видеолари, турли эпизодлар кесиб олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатиларди ва уларни юз минглаб марта кўришарди.

Сиёсатчи сайловолди тадбирларига ва телестудияга ноёб Cadillac de Ville машинасида келарди. Бунақа машина фақат америкалик машҳур қўшиқчи Элвис Преслида бўлган.

Омма Милейни сал ғалатироқ кўриниши туфайли ҳам тез эслаб қоларди. Ғарб ОАВ унинг кўриниши ҳам Элвис Пресли ва «Росомаха» филми бош қаҳрамонига ўхшаши ҳақида ёзишган. Унинг бу имижини ёрдамчиси Лилия Лемуан ўйлаб топган.

Милей сочини Элвис Пресли услубида ўстиради \ Фото: Reuters

Милейнинг иқтисодий қарашлари

Милей имижининг асосий элементи моторли арра бўлиб, унинг сўзларига кўра, бу «мамлакатдаги муаммоларни кескинлик билан тубдан ҳал қилиш»ни англатади.

Иқтисодчи сифатида социалистлар билан яқин ҳамкорлик қилишига қарамай, Милей мамлакатдаги муаммоларнинг асосий сабабчиси айнан шу мафкура деб ҳисоблайди.

Унинг фикрига кўра, социализм «инсоннинг эҳтиёжлари бўлса, уларни қондиришга ҳақли» деган қарашдан келиб чиқилса, жозибали кўриниши мумкин. «Эҳтиёжлар чексиз, бироқ ресурслар чекланган», – дейди у.

Милей ресурслар танқислиги муаммосини эркин бозор тамойиллари ёрдамида ҳал қилиш мумкинлигига ишонади.

Шунингдек у ҳам ўзи тез-тез таққосланадиган Доналд Трамп сингари мамлакат сиёсий элитасини янгиламоқчи. У 2018 йилдаёқ иқтисодий таҳлилларида «Сўнгги юз йил ичида сиёсатчилар Аргентинани боши берк кўчага тиқиб қўйишди. Сиз кекса одамлар билан янги Аргентинани ярата олмайсиз» деган эди.

Бу гаплари билан у аргентиналик ёшларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди ва бу сайловда ғалаба қозонишига қисман ёрдам берди.

Милейнинг фикрича, Аргентинани қутқариш учун энг биринчи чора миллий валюта песодан воз кечиш ва АҚШ долларига ўтиш керак. У ҳукмрон сиёсатчилар Марказий банкдан пул чоп этадиган машина сифатида фойдаланиб келганини айтади ва банкни ёпиб, юқори инфляцияга чек қўйиш мумкин деб ҳисоблайди.

Милей 2000-йиллар бошларида миллий валютадан воз кечиб долларга ўтган Эквадор ва Салвадорни мисол қилиб келтиради. Уларнинг бу иши муваффақият келтирган ва ҳозир ҳар икки мамлакатда инфляция жуда паст кўринишда.

Милей Эквадор ва Салвадорда сезиларли иқтисодий ўсишнинг йўқлигини бошқа сабаблар – хусусан сиёсатчиларнинг самарасиз ишлаши билан изоҳлайди.

Бундан ташқари, у давлатнинг иқтисодиёт ва одамлар ҳаётидаги роли қанчалик кичик бўлса, шунча яхши, деб ҳисоблайди. Шу сабабли Милей ўз сайловолди тарғиботларида турли вазирликлар ва давлат хизматчилари сонини қисқартиришни ваъда қилди.

Фото: alamy.com

Милей биринчи навбатда Хотин-қизлар ишлари вазирлигини тугатмоқчи. «Агар қонун олдида тенглик бўлмаса, вазирлик тузиш эмас, ўша қонунни ўзгартириш керак» дейди Милей.

Унинг фикрича, хотин-қизлар учун алоҳида вазирликнинг ташкил этилиши аёлларни обрўсизлантиради ва уларнинг аҳволини ҳеч қандай яхшиламайди.

Милей инсон ўз аъзоларини тасарруф этиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди, лекин шу билан бирга у Аргентинада 2020 йилда қонунийлаштирилган абортга қарши чиқади.

«Аёллар ўз танасига эга бўлиш ҳуқуқига эга, аммо бачадондаги бола тананинг бир қисми эмас. Шунинг учун аборт қотилликдир» – дейди у. Сайловолди тарғиботларида агар ғалаба қозонса, аборт масаласида референдум ўтказишга ваъда берган.

Дунёнинг бир қатор таниқли иқтисодчилари Милейнинг иқтисодий ислоҳотлари оддий ечим сифатида жозибадор кўринса-да, янада катта ҳалокатларни олиб келиши мумкин деб ҳисоблашади.

Жумладан, таниқли иқтисод профессорлари Томас Пикетти, Жаяти Гош ва Бранко Миланович кабилан Милейнинг сайловолди таклифларини шундай баҳолаган.

Уларнинг фикрича, «давлат харажатларини сезиларли даражада қисқартириш аллақачон юқори даражадаги қашшоқлик ва тенгсизликни оширади ва ижтимоий кескинликнинг жиддий кучайишига олиб келиши мумкин».

«Хавиер Милейнинг долларлаштириш ва молиявий тежамкорлик бўйича таклифлари замонавий иқтисодиётлар мураккаблиги ва тарихий инқирозлар сабоқларини эътиборсиз қолдиради ва аллақачон оғир тенгсизликларни кучайтириш учун эшикларни очади», деб ёзади улар.

Сайловларнинг биринчи босқичи олдидан Reuters агентлиги 125 нафар аргентиналик ишбилармонлардан Милейнинг таклифлари ҳақида қандай фикрда эканликларини сўради.

Сўровда қатнашганлардан фақат иккитаси долларга тўлиқ ўтишни қўллаб-қувватлаган. Кўпчилик «пул ўзгарувчиларини созлаш ва рақобатбардошликни сақлаб қолиш» учун песони сақлаб қолиш муҳимлигини айтган.

Хавиер Милейнинг Аргентинада АҚШ долларини жорий этишини қўллаб чиққанлар \ Фото: BBC

Сўровда қатнашганларнинг фикрича, долларга тўлиқ ўтиш пул-кредит сиёсати таъсирини йўқотиш демакдир. The Economist эса долларга ўтиш мамлакат муаммоларини ҳал қилиш учун етарли эмаслигини таъкидлайди.

Шу билан бирга, Милейнинг либертариан қарашларига қўшилган Америка Като институти мутахассислари, аксинча, песодан зудлик билан воз кечиш кераклигини айтишади. Улар Милейнинг танқидчилари айтаётган бир нечта далилларни рад этади.

Танқидчилар мамлакатда тақчиллик юзага келмаслиги учун аҳолида нақд доллар керак бўлишини таъкидламоқда. Като институти мутахассисларига кўра, бир валютадан бошқасига ўтиш жараёни бир неча ой давом этади ва давлат бир кунда барча валютага муҳтож эмас.

Милей ғояларига қаршилар агар Аргентинада песо ўрнига АҚШ доллари жорий этилса, аҳоли банклардаги омонатларини оммавий равишда ечиб олишни бошлашини айтишади.

Аммо Эквадор ва Салвадорда долларга ўтилганда бундай ҳол рўй бермади. Банклар барча пулларни белгиланган курс бўйича автоматик тарзда долларга айлантириб қўяверди ва аҳоли жамғармалари билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юз бермади.

Аргентинадаги иқтисодий вазият

Аргентина Ғарбий яримшарда ҳудуд бўйича Канада, АҚШ ва Бразилиядан кейин 4-ўринда, аҳоли сони бўйича АҚШ, Бразилия, Мексика ва Колумбиядан сўнг 5-ўринда жойлашган.

Мамлакат ҳудуди 2 млн 780 минг километр квадрат бўлиб, аҳоли сони 46 млн 400 минг нафардан ошиқроқ.

Аргентина аграр-индустриал давлат бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 408 млрд долларни ташкил этади. Мамлакат ғарб томонда Чили билан бир неча минг километрлик чегарага эга. Унинг шарқий қисмини Атлантика океани сувлари ювиб туради.

Аргентина халқаро савдо учун жуда қулай жойда жойлашганига қарамасдан мамлакат иқтисодиёт ўсиши бўйича анча ортда қолмоқда. Бу ерда сўнгги 30 йилда бир неча марта кучли иқтисодий инқироз юз берди ва мамлакат валютаси гиперинфляцияга учраб келмоқда. 2022 йилда ҳам инфляция даражаси жуда юқори бўлган.

Аргентинада илк иқтисодий инқироз 1990-йиллар охири, 2000-йиллар бошида содир бўлганди. Инқироз 2001 йилда авжига чиқади ва аҳоли норозилик намойишлари бошланади.

Аргентина дунёда ҳудуди жиҳатдан 8-ўринда, аҳоли сони бўйича 32-ўринда туради

Охир-оқибат мамлакат раҳбари истеъфога чиқади ва унинг ўрнига келган янги раҳбар дефолт эълон қилади.

Ўшанда Аргентинада пул кескин қадрсизланади. Нархлар жуда ошиб кетади ва мамлакатда камбағаллар сони кескин кўпаяди. Банклар ва уларнинг ортидан йирик ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти касод бўлади.

2014 йилда Аргентинада иккинчи марта дефолт юз беради. Бунга мамлакатнинг халқаро кредиторлардан олган қарзларини қайтара олмай қолгани сабаб бўлади.

Бироқ ўша пайтда мамлакатга раҳбарлик қилган Кристина Киршнер дефолт юз берганини рад этади ва бу Аргентинага қарши навбатдаги инфохуруж эканини таъкидлайди. Бироқ ҳолат одамларнинг турмуш даражасида кўриниб, очиқ акс этиб турганди.

Ўшандан буён қарийб 10 йил вақт ўтди ва Аргентина иқтисодиёти ҳанузгача ўзига кела олмаяпти. Мамлакатда ишсизлик даражаси юқори, камбағаллар сони кўп.

Аксарият таҳлилчилар дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айланишга салоҳияти бор мамлакатнинг иқтисодий инқирозда юрганини нўноқ бошқарув билан изоҳлашади.

Хавиер Милей таъкидлаганидек, 30 йилдан буён Аргентинани бошқариб келган сиёсатчиларда узоқни кўзлаб тузилган режанинг ўзи бўлмаган ва улар муаммоларни вақтинчалик ечим билан ҳал қилишга уринишган. Бу эса вазиятни баттар оғирлаштирган.

Кечаги сайлов натижасига кўра навбатдаги 4 йилда Аргентинани Хавиер Милей бошқаради. У сайловолди тарғиботларида берган ваъдаларини бажариб, мамлакатни қолоқлик ботқоғидан олиб чиқа оладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид