Ниагара шаршараси яқинида АҚШ ва Канада ўртасидаги Камалак кўпригида (Rainbow Bridge) автомобил портлаб кетди, деб хабар берди 22 ноябр, чоршанба куни Федерал тергов бюроси (ФТБ). Ҳодиса оқибатида машинада бўлган икки киши ҳалок бўлди, деб таъкидлади Американинг CNN ва Fox News телеканаллари полиция ходимларига таяниб. Бундан ташқари, Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ чегара хизматининг бир ходими яраланган. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса тафсилотларини маълум қилмаган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари бошланган. ФТБ вазият «тез ривожланаётганини» билдирди. 

Баъзи ОАВ хабарларига кўра, АҚШдан Канадага кетаётган автомобил қарама-қарши бўлакда катта тезликда чегара ўтиш жойига яқинлашган.

Фото: Twitter / YWNReporter
Фото: Twitter / YWNReporter

Ню-Йорк штати губернатори: теракт белгилари йўқ 

Икки давлат ўртасидаги тўртта чегара ўтиш пункти вақтинча ёпилди. Буффало Ниагара халқаро аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилди, дея маълум қилди Ню-Йорк штати губернатори Кэти Хокул. Унинг сўзларига кўра, теракт белгилари йўқ. Камалак кўприги ёпиқлигича қолмоқда, аммо қолган ўтиш жойлари бўйлаб ҳаракат тикланди, деди Хокул. 

АҚШ президенти Жозеф Байден воқеа ҳақида хабардор қилинган, дея хабар берди Оқ уй. Канада бош вазири Жастин Трюдо вазиятни «жуда жиддий» деб атади.