Жаҳон | 14:30 / 24.11.2023
3846
3 дақиқада ўқилади

«Газпром» кетма-кет иккинчи йил сармояларни қисқартиришни режалаштирмоқда

2024 йилда «Газпром» инвестиция дастури ҳажми 20 фоизга қисқаради. Бу йил компания инвестициялар ҳажмини 14,5 фоизга камайтирди.

Фото: Alexander Zemlianichenko/Tass/dpa/picture alliance

«Газпром» Россия давлат энергетика концерни 2024 йилда инвестицияларни 20 фоизга, 1,96 триллион рублдан 1,57 триллион рублга (16,3 миллиард евро) камайтиришни режалаштирмоқда. «Газпром»нинг 23 ноябр, пайшанба куни тарқатилган расмий баёнотига кўра, тегишли қарор компания бошқаруви томонидан қабул қилинди. Инвестиция дастурининг якуний параметрлари директорлар кенгаши томонидан тасдиқланади.

Хабарга кўра, маблағлар Ямал яримороли ва Россия шарқида газ қазиб олиш марказларини ривожлантириш, Россиядан Хитойгача бўлган «Сибир қудрати» газ қувури, «Газпром» газни қайта ишлаш мажмуаси ҳамда Россия ҳудудларини газлаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

Бу йил «Газпром» инвестицияларни дастлабки режаларга нисбатан 14,5 фоизга камайтирди. Октябр ойида директорлар кенгаши инвестиция дастурини 2,3 триллион рублдан 1,966 триллион рублга (тахминан 20 миллиард евро) қисқартирди. Бу қарор «макроиқтисодий кўрсаткичлар ва бозор шароитларининг ўзгариши» билан изоҳланди.

«Газпром» фойдани йўқотмоқда

«Газпром»нинг 2023 йил 9 ойида фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизга – 779 миллиард рублдан 446 миллиард рублга (4,6 миллиард евро) камайди. Бундан ташқари, 22 ноябр куни Федерация кенгаши «Газпром»нинг конденсат ва газ учун фойдали қазилмаларни қазиб олишига солиқни оширишни маъқуллади. Давлат думасининг Энергетика бўйича қўмитаси раҳбари Павел Завалний сўзларига кўра, 2025 йилда фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича солиқнинг ошиши сабабли компания йўқотишлари 1 триллион рублни ташкил қилиши мумкин.

Европага газ етказиб беришни тўхтатиш

2022 йилнинг ўрталарига қадар Россия табиий газ экспортининг катта қисми Европа мамлакатларига йўналтирилди ва бу «Газпром»га фойданинг асосий улушини берди. 2022 йил 31 августда «Газпром» режадан ташқари таъмирлаш учун уч кунга «Шимолий оқим» орқали газ ўтказишни тўхтатди, аммо кейин Германияга на ушбу қувур орқали, на бошқа йўналишлар орқали етказиб беришни тикламади. Деярли бир ой ўтгач, 26 сентябр куни Болтиқбўйи газ қувури диверсия пайтида вайрон бўлди, ҳодисада айбдорлар ҳали ҳам топилмади.

Европада Россияни «энергетика терроризми»да айблашди, чунки Россия президенти Владимир Путин Украинани Россияга қарши курашда қўллаб-қувватлаган Европа Иттифоқи давлатларига етказиб беришни бир томонлама тўхтатиб, таъсир кўрсатишга уринган деб ишонилади. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи давлатлари Россия газидан бутунлай воз кечишга қарор қилди, бунинг натижасида Россиянинг Европа газ бозоридаги улуши Украинада уруш бошланишидан олдинги 40 фоиздан ҳозирги вақтда тахминан 8 фоизга камайди.

Гарчи Осиёда газга талаб кескин ошган бўлса- да, «Газпром» минтақага кўк ёнилғи етказиб беришни кўпайтириш учун етарли инфратузилмага эга эмас.

Мавзуга оид