Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари сайтларига сўнгги ярим йилликда 2 миллиондан ошиқ киберҳужум турлари аниқланган. Мутахассисларга кўра, бутун дунёда ортаётган бу тенденция ортида асосан соҳани янги ўрганаётганлар турган бўлиши мумкин. Kun.uz Ўзбекистондаги киберхавфсизликка туғилаётган таҳдидлар ва унга қарши чоралар ҳақида Киберхавфсизлик маркази вакили ва мутахассислар билан суҳбатлашди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг расмий сайтлари ва турли тўлов тизимларига ҳам киберҳужумлар кўпайиб бормоқда. Бунга жавобан ушбу сайтларда ташқи трафик ёпиб қўйилди. Аввалроқ эса, 200 мингдан ортиқ ўзбекистонликларнинг браузерлардаги пароллари хакерлар томонидан ўғирланиб, очиқ интернетга чиқариб юборилгани маълум бўлган эди.

Kun.uz мухбири Ўзбекистонда давлат ташкилотлари расмий сайтларига ҳужумлар ва уларнинг мақсадлари, хавфлари, киберсаводхонлик каби масалаларда интервю ташкил қилди. Меҳмонларимиз – “Киберхавфсизлик маркази” ДУК бўлим бошлиғи Жаҳонгир Маҳмудов, киберхавфсизлик бўйича мутахассис Жасур Эркинбоев, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаев.

— Давлат ташкилотлари расмий сайтларида бир қанча вақт ишламай қолаётганини киберҳужум дейиш мумкинми?

Жаҳонгир Маҳмудов, “Киберхавфсизлик маркази” ДУК бўлим бошлиғи:

— Бу узилишларни тўлақонли киберҳужум деб айтолмаймиз. Чунки сайтлар икки қисмдан иборат: фойдаланувчиларга кўринадиган frontend қисми ва унинг ортида ишлайдиган backend, маълумотлар базаси. Бу компонентларни янгилаб, ўз вақтида техник хизматлар кўрсатиб туриш керак бўлади. Аксарият ҳолларда тизимга кўрсатилаётган техник хизматлар сайтлар вақтинча ишламай туришига сабаб бўлади. Буни киберҳужумлар деб айтолмаймиз. Шу билан бирга, энди киберхавфсизликни ўрганаётганлар томонидан ҳам кўп сўровлар юбориш, фишинг каби ҳаракатлар ҳам бўлиб туриши мумкин, лекин асосий қисми киберҳужум деёлмаймиз.