Жаҳон | 16:11 / 25.11.2023
6332
3 дақиқада ўқилади

Стефанишина: ЕИга қўшилиш вақт талаб қилиши мумкин, аммо украиналиклар сабрли

Европа Иттифоқига қўшилиш бироз вақт талаб қилиши мумкин, аммо украиналиклар сабрли, деди Украина бош вазири ўринбосари Олга Стефанишина DW нашрига. 

Фото: AP

Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилади, гарчи бу бироз вақт талаб қилса ҳам, деди Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина 24 ноябр, жума куни DW нашрига берган интервюсида

«Украиналиклар сабр-тоқатли. Биз Европа Иттифоқига қанча вақт керак бўлса, шунча ҳаракат қиламиз, лекин бу масала бўйича ҳеч қандай кечикишларга тоқат қила олмаймиз», деди у Германия ташқи сиёсати жамиятининг (DGAP) Украинага нисбатан Европа стратегиясига бағишланган тадбирида иштирок этиш учун Берлинга ташрифи чоғида.

Евромайдондан кейинги Украина тараққиёти ҳақида 

Стефанишина Евромайдон бошланганидан кейин ўн йил ичида Украина ЕИга кириш йўлида эришган ютуқларни қайд этди. «Мамлакатимизни ислоҳ қилдик, постсовет меросидан халос бўлдик, қонунчилигимизни ўзгартирдик ва ҳозир биз Европа Иттифоқига ҳамда, умид қиламанки, НАТОга қўшилиш арафасида турибмиз, лекин, афсуски, бунинг учун нарх тобора кўтарилмоқда», деди бош вазир ўринбосари.

Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига киришига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Стефанишина «ҳар қандай давлатнинг ветоси Европа Иттифоқининг ветоси бўлади», деди. «Ишончим комилки, кўриб чиқилаётган барча қарорлар тўплами бўйича консенсус мавжуд. Ва ЕИ ўз келажагини кейинроққа кечиктиришга йўл қўймайди», деди у. 

Европа комиссиясининг Украина бўйича қарори 

8 ноябр куни Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларга тайёрлиги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. У музокаралар жараёнини бошлашни тавсия қилади. Еврокомиссия баҳосига асосланган якуний қарорни 14 ва 15 декабр кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари қабул қилиши керак. 

Бу қарор, ҳар қандай бошқаси каби, Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси бир овоздан қўллаб-қувватлашини талаб қилади. Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши эҳтимолини танқид қилмоқда. Қолаверса, у ҳам Словакия каби Европа Иттифоқининг Киевга янги 50 миллиардлик ёрдамини блокламоқда. 

Мавзуга оид