БМТ бош котиби ўринбосари Қорақалпоғистонга ташриф буюрди
Иброҳим Тиау Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши доирасида БМТ бош котиби ўринбосари, Чўлланишга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) ижрочи котиби Иброҳим Тиау Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, Иброҳим Тиау Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмон экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди.
Ташриф давомида Мўйноқда дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновациялар маркази директори Бахитжон Ҳабибуллаев марказ томонидан Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказди.
Қатор истиқболли лойиҳалар доирасида 100 гектар майдонда чўлга, шўрга чидамли черкез, қандим каби ўсимликларнинг кўргазмали майдончаси ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида 10 гектар майдонда кўчатхона экиш кўзда тутилганлиги таъкидланди.
2018–2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,6 миллион гектар майдонда чўл ўсимликлари уруғини экиш ва кўчатлар ўтқазиш йўли билан «яшил қоплама» яратилди. Бундан ташқари, 6,4 минг тонна ҳимоя ўрмон кўчатлари ўтқазилди. Ўрмон плантацияларини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ўрмон хўжалиги томонидан ҳар йили 100 гектар майдонда саксовул питомниклари ташкил қилинмоқда.
Мавзуга оид
21:56 / 10.02.2024
Қорақалпоғистоннинг қатор туманлари вақтинча электрсиз қолди
12:51 / 07.02.2024
Умра хизматини кўрсатиш бўйича ноқонуний реклама тарқатган иккита фирмага чора кўрилди
23:35 / 24.01.2024
Беруний туманидаги автосалонда ёнғин содир бўлди
09:41 / 16.01.2024