Лондондаги ўйин бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланди — аниқроғи бир неча кун олдин вафот этган, «Тоттенҳэм» ва бутун инглиз футболи афсонаси Терри Венейблс олқишланди. Ҳакамнинг ўйин бошланиши ҳақидаги ҳуштаги чалиниши билан қаторасига икки ўйинда ютқазган «шпорлар» ақл бовар қилмас прессинг уюштиришди. Бу дарҳол самара келтира олмади, чунки яккама-якка вазиятда пайдо бўлган ҳимоячи Удоджига форвард фазилатлари етишмади, Кулушевскининг зарбаси эса устунга тегди.
Ангелос Постекўғли жамоаси таркибдаги жиддий йўқотишларга қарамай кучли кўринарди. Сафдан чиққанларнинг ўзидан алоҳида жамоа тузиш мумкин, 30-дақиқада эса етти ойдан ортиқ вақт даволанган, феврал ойидан буён илк бор бошланғич таркибда тушган Бентанкур ҳам жароҳат олди. Тўғри, уругвайлик футболчи майдонни тарк этишидан олдин «Тоттенҳэм» Ло Челсонинг зарбаси эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олганди - бу ушбу аргентиналик яримҳимоячининг АПЛда уч йил ичидаги илк голи бўлди. Аммо биринчи бўлимга қўшиб берилган еттинчи дақиқада «Вилла» стандарт вазиятдан ҳисобни тенглаштира олди.
Шундан кейин ўйин табиати жиддий ўзгарди. Аниқроғи, «Тоттенҳэм» вазиятларни кўкка совуришда давом этди, Унаи Эмери жамоасининг ҳужумлари эса хавфлироқ тус ола бошлади. Якунда биринчи бўлимдаги голи офсайд туфайли бекор қилинган Уоткинс бирминҳемликларни олдинга бошлади. Лондонликлар эса барчасини омадсизликка ағдариши мумкин, қолаверса, Соннинг уч голи офсайд туфайли инобатга олинмади, лекин бу қаторасига учинчи мағлубиятни бекор қила олмайди. Худди «Вилла»га кучли тўртликдаги ўрин бой берилгани факти каби, бирмингҳэмликлар очколар сони бўйича «Ливерпул»га етиб олди.
«МЮ» етакчиларга етиб олишига ҳали бор, аммо «Эвертон» майдонидаги ўйинни «қизил иблислар» жуда кучли бошлашди. Гарначо Руни ва Криштиану Роналдунинг энг яхши даврлардаги трюкини такрорлаб, қайчи услубида зарба берди. Гол шу қадар чиройли чиқдики, аргентиналик футболчи уни Криш услубида нишонлашга тўла ҳақли эди. Қолаверса, португалиялик юлдуз — Гарначонинг кумири. Бу зарба бўлим охирига қадар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида турди ва Онананинг сейвларини соя остида қолдирди.
Агар унинг жонбозлиги бўлмаганида «Юнайтед» учун барчаси қайғули якунланиши мумкин эди. Аммо меҳмонлар танаффусга қадар чидаб беришди, танаффусдан кейин эса пеналти ишлашди. Бу вазиятда арбитр аввалига симуляция учун Марсиялни огоҳлантирганди, аммо VAR бунга қўшилмади ва Жон Бруксни мониторга таклиф этди. Бу ҳакамнинг фикрини ўзгартирди ва ўйин арафасида имижини ўзгартирган Рэшфорд бу чемпионатдаги иккинчи голини йўллади. Биринчи голини кўпчилик эслай олмаслиги мумкин, чунки бу уч ойча олдин, 3 сентябр куни рўй берганди.
Шундан кейин «ирислар» курашни тўхтатди, меҳмонлар эса шунчаки ўйинни ғалабали якунга етказиб қўйиши қолганди. Ўйин якунида Бруну Фернандешнинг Марсиялга нозик узатмаси туфайли ҳисоб йирик кўриниш олди. Шу куни янги имижда кўриниш берган Эрик тен Ҳаг жамоаси ўйинидан рози. «МЮ» танқид қилинаётган бўлса-да, жамоа октябр ойидан буён олти ўйиндан бештасида ғалаба қозониб, лигадаги энг яхши натижани кўрсатмоқда, сафар ўйинларидаги ғалабали серия эса тўрт ўйинга етди. Бундан ташқари, манкунианликлар «Брайтон» ва «Нюкасл»ни қувиб ўтиб, олтинчи ўринга кўтарилди.
«Реал»да бу ўйиндан олдин форс-мажор юзага келди. Бошланғич таркибга киритилган Браим Диаснинг саломатлиги ёмонлашди. Ҳужум чизиғида шошилинч танлов қилиши талаб этилган Карло Анчелотти Родригога ишонч билдирди ва адашмади, бразилиялик футболчи истиқболли кўринмаган вазиятда шедевр ижро этди. Форвард икки ҳимоячи орасидан жарима майдони ичига отилиб кирди ва кейин тўпни «Кадис»нинг яна икки футболчисидан ўтказиб, тўсин остидан тўрга жойлади.
Родриго фаолиятида илк голли сериясини (3) чиройли давом эттирди. Унинг иккинчи голи амалда ўйинга нуқта қўйди, лекин мадридликлар тўхташни истамади ва кеча қаҳрамони кичик жароҳатдан тузалиб сафга қайтган Беллингҳемга ассистентлик ҳам қилди. Мавсум стартидаги самарадорлиги билан барчани ҳайратга солган англиялик футболчи класикодаги бенефисидан кейинги бир ойлик танаффусни якунлаб, яна гол ура бошлади. Жуднинг Мадрид жамоасидаги голлари сони 14 тага етди — у ўтган мавсум Дортмундда жами шунча гол урганди. Ва бу натижага у «Реал»даги 15 ўйинда эришди ва Роналдунинг рекордини (15 ўйинда 13 гол) янгилади.
Ҳисоб 3:0 кўринишига келгач, Анчелотти 19 ёшли Гонсало Гарсияга асосий жамоада дебют қилиш имконини берди, фақат Модрични алмаштиришга тўғри келгани унинг кайфиятини бузди. Аммо асосийси — «Реал» яна биринчи ва «Жирона» душанба кунги ўйинда қандай жавоб беришини кутади.
Якшанба кунги ўйинда кўчилик Массимилиано Аллегри ва Симоне Индзаги ўртасида навбатдаги зерикарли шахмат партияси бўлишига шубҳа қилмаётганди. Аммо биринчи бўлимда жамоалар юқори савиядаги ўйин намойиш этиб беришди. Прессинг, контрпрессинг, жамоавий қайта тузилишлар, босимдан чиқиш — «Ювентус» ва «Интер» гроссмейстерларга хос мастер-класс ўтиб беришди.
Бундай қарама-қаршиликда урилган голлар — алоҳида санъат асарига айланди. Биринчи голда Влаҳович ва Киеза бир-бирини телепатик тарзда тушунишини кўрсатиб берди, сербиялик ҳужумчи майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, бурилаётиб қарамасдан бўш ҳудудга тўп узатди ва жавоб узатмаси қачон ва қаерга берилишини билган ҳолда олдинга чопди. «Интер»нинг жавоб голи дарвозабон Зоммер бошлаб берган комбинацияда урилди. Меҳмонлар ҳимоядан чиқиш борасида дарс ўтиб беришди ва учинчи узатмадан кейин туринликлар девори қулаб, Лаутаро Мартинес ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлим бошида ўзининг афсонавий отаси Лилиан кўз ўнгида ўйнаган Маркус Тюрамда жуда қулай вазият юзага келди, аммо у Барелланинг узатмасини дарвозага тўғрилаб юбора олмади. Шундан кейин ўйинда голли вазиятлар тугади — икки жамоа ҳам мағлубиятдан кўра дурангни афзал кўриши билиниб қолди.
Фоллар, баҳслар, тўқнашувлар, паузалар... Иккинчи бўлимда биянконериларнинг собиқ вакили Куадрадо захирадан майдонга тушиши ҳиссиётларни янада оширди. Уни ҳуштакбозликлар билан қарши олишди, колумбияликка сариқ карточка кўрсатилганида эса трибунадагилар буни гол урилгандек нишонлашди. Лекин голнинг ўзи бўлмади ва бу мантиқий ҳам эди. Икки томон ҳам ўз қўлидаги очкони сақлаб қолди. Чемпионатнинг биринчи ва иккинчи ўринларидаги жамоалар ўртасидаги фарқ икки очколигича қолди, скудетто учун кураш давом этади. Энг қизиқарлиси ҳали олдинда.
«Рома» шанба кунги ўйинларда «Аталанта» ва «Фиорентина» мағлубиятга учраганидан фойдаланиб қолди. Лекин барчаси силлиқ кечгани йўқ, биринчи бўлимдаги устунликдан кейин «бўрилар» бўшашди ва «зебралар»га жавоб голини уришга имкон беришди. Барчасини яна қайтадан бошлашга тўғри келди ва Озмун жуда қулай вазиятдан фойдалана олмаган бўлса-да, Дибала Лукакунинг узатмасидан кейин ғалаба голини урди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса белгиялик ҳужумчи Ал-Шаъровийнинг голида ҳам асосий ишни бажарди.
Кун статистикаси
«Лорян» ҳужумчиси Крупи 4 гол урди. У топ-5 лигаларда 18 ёшгача бўлган футболчилар орасида самарадорлик бўйича фақат «ПСЖ» ҳавбеки Заира-Эмеридан ортда.
«Сассуоло» ҳимоячиси Толяннинг бу мавсумдаги голли узатмалари сони 5 тага етди. Топ-5 лигаларда фақат «Нюкасл» вакили Триппиер (6) ундан олдинда.
8:0 — «Спортинг»нинг 1988/89 йиллар мавсумидан буён энг йирик ғалабаси. Ўшанда лиссабонликлар — яна Португалия Кубогида — 11:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Беллингҳэм «Реал» сафида дастлабки 15 ўйинида 14 та гол уриб, Ди Стефано (13) ва Роналдуни (13) ортда қолдирди.
Лаутаро Мартинес А серияда жорий йил бошидан буён 27 гол урди. У «Интер»да Диего Милито ва Кристиан Виерига тегишли бўлиб турган рекордни такрорлаши учун яна битта гол қолди.