Италиянинг Монтесилвано шаҳрида ўтган шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик шахматчи, 14 ёшли Афруза Ҳамдамова ғолиб бўлиб, жаҳон чемпиони бўлди. Бугун Тошкент Халқаро аэропортида Афруза тантанали тарзда кутиб олинди.

12−25-ноябр кунлари Италиянинг Монтесилвано шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик 3 нафар шахматчи ҳам қатнашиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Эътиборлиси, чемпионатнинг 14 ёшгача бўлган ёш тоифасида Афруза Ҳамдамова муддатидан олдин жаҳон чемпиони бўлди ва Афруза Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасидаги илк жаҳон чемпионига айланди.

Тошкент халқаро аэропортида шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этган шахматчиларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 26-ноябр тонгида Ўзбекистонга қайтиб келган Афрузани шахсан кутиб олди. Саида Мирзиёева қизнинг бош мураббийи — отаси Акбар Ҳакимовга алоҳида миннатдорлик билдирди.

“Ўз ғалабалари билан барча ташаббусларимиз, биз курашаётган мақсадларимиз тўғри эканини тасдиқлаган Афрузадан жуда миннатдорман. Тенг имкониятлар, хотин-қизларга ҳурмат ва улар иқтидорининг эътирофи шулар жумласидан. Қизалоқнинг бош мураббийи – отаси Акбар ака Ҳакимовга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Қизингизнинг истеъдодини ривожлантиришга куч ва вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур”, деб ёзади Саида Мирзиёева ўз телеграм саҳифасида.

Фото: Telegram/Саида Мирзиёева

Афруза Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасидаги илк жаҳон чемпионига айланди. Эътиборлиси, Афруза Ҳамдамова Шенген визасини расмийлаштириш кечиккани учун биринчи раундни ўтказиб юборди, аммо техник мағлубиятга қарамай, 9 та ғалабага эришди.

“Мен ушбу ғалабамни халқимга, президентимга бағишлайман. Рақибларимнинг барчаси яхши шахматчилар эди. Уларга қарши бир неча йилдан буён ўйнаб келганим сабабли, қандай юришларни амалга оширишини ёддан билардим. Асосий ўйинларда қора рангларда ўйнаш қийинчилик туғдирди. Агар улар хато қилсагина менинг ғалаба қозониш имкониятим ошарди. Хато қилмаса, ўйин дуранг билан якунланарди. Рақибларимнинг асосий камчилиги охирида эндшпилда яхши ўйнай олмаслиги бўлди. Шу сабабли қайси рангда бўлишимдан қатъи назар эндшпилда ғалаба қозондим. Энг катта мақсадим — Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш, аёллар ўртасида энг ёш гроссмейстерга айланиш”