Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин Bild’нинг Киев бўйича «махфий режа» ҳақидаги маълумотини рад этди
Германия ҳукумати Вашингтон ва Берлин Украинага ҳарбий ёрдамни чеклаб, Киевни музокаралар сари ундаётганини рад этди.
Bild’нинг Германия ва АҚШнинг Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича «махфий режаси» бўйича суриштируви ҳеч қандай асосга эга эмас, дея маълум қилди Германия ҳукумати 27 ноябр, душанба куни Deutsche Welle сўровига жавобан. Ўтган ҳафта Bild ҳарбий шарҳловчиси Юлиан Рёпке ягона манбага таяниб, Вашингтон ва Берлин Киевга ҳарбий ёрдамни чеклаб, Украина президенти Володимир Зеленскийни Россия билан музокаралар бошлашга мажбурламоқчи эканлигини маълум қилди.
«Урушнинг бошиданоқ Қўшма Штатлар ва Германия агрессияни тўхтатиш ва Украинада адолатли тинчликка эришиш тарафдори эди. Ва бу мажбуран таклиф этилган тинчлик бўлиши мумкин эмас», деб жавоб берди федерал ҳукумат DW’га.
«Германия Украина томонида қатъий. Биз Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун керак бўлгунича қўллаб-қувватлаймиз», деб таъкидлаган Берлин. Қўшимча қилинишича, ҳукумат «халқаро ҳамкорлар билан доимий ва яқин алоқада» ва Россиядан қўшинлари Украинадан чиқиб кетишини талаб қилмоқда.
«Федерал ҳукуматга бир нарса тушунарли: Украина Россияга қарши мудофаа курашида ҳарбий ва сиёсий мақсадларни белгилаши керак. Тинчлик музокаралари бошланиш санасини фақат Украина белгилаши мумкин», - дея маълум қилди Германия ҳукумати.
Шу куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби ўринбосари Жеймс О'Брайен Bild нашри материалларини журналистларга изоҳлар экан, Қўшма Штатлар Украинани музокараларга ундаётгани ҳақидаги даъвони ҳам рад этди. «Биз ҳар доим бу масалани Украина ҳал қилиши кераклигини айтиб келганмиз», - деди О'Брайен.
Bild - Украина учун «махфий режа» ҳақида
Ўтган ҳафта Bild нашри манбалардан бирига таяниб, Берлин ва Вашингтон Зеленскийни музокаралар зарурлигига тўғридан тўғри ишонтириш ниятида эмаслиги, аммо қурол-яроғ етказиб беришдан восита сифатида фойдаланиб, Украина президентини бунга рози бўлишга мажбурлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Нашрнинг ёзишича, иттифоқчилар Киевга Украина армиясига ҳозирги фронтни ушлаб туриш имконини берадиган, лекин ҳудудларни озод этмайдиган миқдорда қурол етказиб бериш ниятида.
«Зеленский буни давом эттириш мумкин эмаслигини тушуниши керак. Ташқаридан ҳеч қандай сўровсиз. У ўз ихтиёри билан халқига мурожаат қилиши ва музокаралар олиб борилиши кераклигини тушунтириши керак», - дея тушунтирди Германия ҳукуматидаги Bild манбаси ёндашувни.
Bild манбасига кўра, Германия ва Қўшма Штатларнинг «Б режаси» ҳам мавжуд бўлиб, у ҳозирги чегараларда можарони музлатишдан иборат. «Берлин ва Вашингтон музокараларга муқобил сифатида интилаётган нарса - бу низолашаётган томонлар ўртасида келишувсиз музлатиладиган можаро», - дейди манба. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатда алоқа чизиғи «мустаҳкамланади ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги янги квазичегарага айланади».
Ноябр ойи бошида АҚШнинг NBC телеканали икки юқори мартабали мулозимга таяниб, АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Украина ҳукумати билан урушни тугатадиган эҳтимолий тинчлик музокараларини ўз ичига олиши мумкин бўлган нарсаларни муҳокама қила бошлагани ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026