Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябр куни Саудия Арабистони делегацияси билан биргаликда бу мамлакатнинг ACWA Power компанияси иштирокидаги иккита лойиҳага старт берди.
Тантанали тадбирда Сирдарё вилоятида барпо этилаётган замонавий буғ-газ электр станциясининг 1-блоки ишга туширилди. Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида яшил водород ишлаб чиқариб, уни яшил ўғитларга қайта ишловчи корхона қурилиши бошланди.
Шавкат Мирзиёев маросимдаги нутқида Саудия Арабистонининг инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ва икки мамлакат ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абу-Наян раҳбарлигидаги делегацияни янги лойиҳалар билан қутлади.
“Биз сўнгги йилларда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд ҳазрати олийлари билан биргаликда икки томонлама ҳамкорлигимизни юксак босқичга кўтариш учун қатъий ҳаракат қилмоқдамиз.
Подшоҳликка амалга оширган олий даражадаги ташрифларимиз ва кўплаб аниқ келишувларимиз ўзаро алоқаларимизга қудратли шиддат ва янгича руҳ бағишлади.
Савдо айланмаси ҳажми сўнгги 3 йилда 5 баробарга ўсди, қўшма корхоналар, авиақатновлар ва сайёҳлар сони мунтазам ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард долларга етди”, – деди президент.

Саудия делегациясининг Тошкентга бу галги ташрифи доирасида кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, IT ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида 12 миллиард долларлик лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, бунга қўшимча яна 11 млрд долларлик янги истиқболли лойиҳалар бўйича келишиб олинганини қайд этди.
Давлат раҳбари бевосита “Сирдарё” ИЭСга тўхталар экан, 1,1 гигаваттли бу станцияни эталон лойиҳа деб таърифлади.

















