Бу ҳақда аввалроқ мақола ҳам ёзган эдим. Мақолада нафақат қоидабузар ҳайдовчиларни жарима баллари билан тийиш, айрим қоидабузарликлар учун жавобгарлик ҳамда жарималар миқдорини оширишни ҳам таклиф қилган эдим.
Мақолада инсон(лар) ўлимига олиб келган қоидабузарлик учун жиноий жазо ниҳоятда кучайтирилиши лозимлиги ҳақида ҳам гап борган.
Олий Мажлис қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш ҳам белгиланмоқда.
Унга кўра, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс ўзбошимчалик билан барибир транспорт воситасини такроран бошқариб юргани аниқланса, унга нисбатан жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Бу ниҳоятда узоқ кутилган ва жуда яхши ташаббус.
Ҳозир айрим одамларда «бировнинг номидаги автомашинани ишончнома орқали ҳайдаб юриб қоида бузилса нима бўлади?» деган саволлар пайдо бўлмоқда. Чиндан ҳам ҳақли савол.
Қоидабузарликни ўз кўзи билан кўрган ЙПХ ходими машинани тўхтатиб, қоидабузар ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирса, майли, бу тушунарли. Лекин фото ва видеоқурилмалар воситасида қайд этилган қоидабузарликлар масаласи нима бўлади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фото ва видеоқурилмалар воситасида қайд этилган қоидабузарликлар учун жаримани автотранспорт воситаси расмийлаштирилган шахс — машинанинг эгасидан ундирилади.
Ҳозир бизда бировга машинасини ишончнома орқали сотиш ҳуқуқи билан бериб юбориш «мода»га айланган. Йўлларда ҳаракатланаётган, жисмоний шахслар номига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларининг ярмидан кўпи уни бошқараётган ҳайдовчининг номида эмас. Ишончнома билан бошқарилмоқда. Ишончномалар ҳам ҳозир онлайнлашиб кетди. Расмийлаштириш осонгина.
Хўш, қоидабузарлик фото ёки видеоқурилмалар орқали қайд этилган бўлса, бу ҳолатда жарима баллари автомашина эгасига ҳисобланадими? Ахир у номидаги машинани ким ҳайдаб юрганини ҳам билмаслиги мумкин-ку?
















