Арктиканинг ёввойи бағрида замонавий ҳаёт меъёрларига тўғри келмайдиган қишлоқ жойлашган. Қишлоқ Ню-Алесунн деб аталади. У Шпитсберген ( Шимолий Муз океанининг ғарбий қисмидаги архипелаг) ҳудудига киради, қишлоқ ҳавоси энг тоза ҳудудлардан бири саналади.

Фото: Getty images

Цеппелинфеллет тоғлари ёнбағрида атроф олмос каби товланади. Ҳаво эса совуқ, бироқ кристалл каби тоза. Бу муз кристаллар нафас билан қўшилиб ичга киради. Ню-Алесунн қишлоғи шундай ҳудудда жойлашган. Унда қишда 45 киши атрофида, ёзда эса 150 кишигача одам яшайди. Қишлоқ Ернинг энг шимолида жойлашган одам яшайдиган аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Бир тарафида тоғ, бир тарафида чуқур ва тор дарё билан ўралган Ню-Алесуннда ҳаво сифатидан ташқари манзара ҳам мисли кўрилмаган гўзал.

Фото: Getty images
Фото: Getty images

Ню-Алесунн қишлоғига 1916 йилда кўмир қазиб олиш мақсадида асос солинган. Шахталарда иш яхши бўлганда ҳудуддан йилига 200 тоннагача кўмир қазиб олинган. Лекин орадан 18 йил ўтиб, кўмир қазиш бутунлай тўхтатилади. Орада бир муддат шаҳарни одамлар ташлаб кетади ва деярли бутунлай унутилади. Кейинчалик 60-йилларнинг охирида тадқиқотлар ўтказиладиган ҳудуд сифатида яна қайта тикланади.

Ню-Алесунн ҳудудида доимий яшовчилар, асосан, олимлар. 1989 йилда Зеппелинфеллет тоғ ёнбағрида, ер сатҳидан 472 метр баландликда Зеппелин обсерваторияси ташкил қилинган. Бу обсерватория атмосферадаги ифлосланишни мониторинг қилиб боради.

Вақт ўтиши билан бу тадқиқот станцияси иқлим ўзгаришига асосий сабабчи бўлаётган иссиқхона газларини ўлчаш бўйича муҳим объектга айланган.