Қарағанда вилояти суди Топар қишлоғида яшовчи 34 ёшли Алексей Шомполовни Украинадаги урушда қатнашгани учун олти йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 28 ноябр, сешанба куни қатор ОАВ хабар берди. 

Тергов маълумотларига кўра, Шомполов 2023 йил май ойида Украинада Россия томонида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) таркибида жанг қилган. У ушбу ХҲК ҳақида икки ой олдин, ижтимоий тармоқда Россияда яхши маошли иш ҳақида эълонни кўрганидан кейин билган. Унга гап «Вагнер гуруҳи» сафига қўшилиш ҳақида кетаётгани тўғрисида маълум қилинган, сўнг у рози бўлган ва Россиядаги ХҲК ўқув-машғулот лагерига жўнаб кетган. Лагерда ўқитилганидан сўнг у Украина чегарасини кесиб ўтиб, Бахмут яқинидаги жангларда қатнашган, аммо икки ҳафтадан камроқ вақт ўтгач, яраланиб, сафдан чиққан. Шомполов Қозоғистонга қайтганидан кўп ўтмай қўлга олинган. Суд эркакни ёлланма фаолиятда айбдор деб топди, шунингдек, ХҲКдан олинган 205 минг рублдан ортиқ пулни мусодара қилишни ҳақида қарор чиқарди. 

Суд Алексей Шомполовнинг ҳаракатларини «конституциявий тузумни ағдариш ёки бузишга ёхуд давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган» ҳарбий амалиётларда иштирок этиш сифатида квалификация қилди, деб ёзади ОАВ. Эркакнинг ўзи айбига иқрор бўлган ҳамда урушда қатнашганини пулга муҳтожлик билан оқлаган, сабаби у ишсиз бўлган, дейилади суд ҳужжатларида. Шомполов уни озодликдан маҳрум қилмасликни сўраган ва ҳукм устидан апелляция шикояти берган, бироқ юқори инстанция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. 

Қозоғистон фуқароларини урушда қатнашганлик учун таъқибга олиниши ҳақида огоҳлантирган 

Аввалроқ, Россияда сафарбарлик эълон қилиниши, шунингдек, бошқа давлатлар аҳолисига Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш эвазига РФ фуқаролигини олиш имконини берувчи қонунлар қабул қилингани фонида бир қатор МДҲ давлатлари дипломатик ваколатхоналари ўз фуқароларини Украина урушида бундай шартларда қатнашишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қонунчилигида бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка тортиладиган ёлланма фаолият сифатида таснифланади. 

Россияда ёлланма фаолият расмий равишда жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Қонунларда хусусий ҳарбий компанияларни яратиш ҳам тақиқланган. 

Ёлланма фаолият учун жиноий таъқиб қилишдан ташқари, Украинадаги уруш ҳақидаги провокацион баёнотлар ҳам Қозоғистонда таъқиб қилинади. Бунда, урушни қораловчилар ҳам, бошқалар ҳам бир хил позицияда.