“Қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда [БМТнинг] Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бошқа жойда учрамайдиган тажриба ҳамда уникал тизим жорий қилинди”, – деди Сенат раиси Тошкентдаги халқаро форумда. Тадбирда қатнашган БМТ вакили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини қайд этди.
2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё мамлакатларида иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни яхшилаш ва бу орқали бутун инсониятнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган глобал мақсадлар дастурини ишлаб чиққан. Халқаро ташкилотнинг бу дастури жами 17 та барқарор ривожланиш мақсадлари ва 169 та вазифадан иборат бўлиб, уни амалга ошириш муддати 2030 йилгача этиб белгиланган.
Мақсадлар ишлаб чиқилган вақтидаёқ кўплаб мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон томонидан ҳам қабул қилинган. Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш доирасида нималар қилинганини ҳисоб-китоб қилиш ва келгуси режаларни белгилаш мақсадида 30 ноябр куни Тошкентдаги халқаро форумлар саройида парламентлараро иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди.
Унда кўплаб давлатлар парламентлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, эксперт ва мутахассислар иштирок этишди.
Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева нутқи давомида бу каби форумлар бошқа давлат вакиллари билан тажриба алмашиш майдони сифатида хизмат қилишини қайд этди ва қилинган ишлар бўйича маълумот берди.
“Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бошқа жойда учрамайдиган тажриба ҳамда уникал тизим жорий қилинди. Аввало, ҳукумат аъзолари таркибида мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.
Глобал барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг индикаторлари миллий хусусиятларимизга мослаштирилиб, 16 та мақсад, 125 та вазифа ва 206 та индикатор қабул қилинди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифаси – миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларнинг самарали ишларини ташкил этиш, мақсадларга эришишда идоралараро уйғунликни таъминлаш этиб белгиланди. Ўз барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда нафақат парламент ва ҳукумат, балки фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик асосий ёндашувлардан бири этиб белгиланди”, – деди Норбоева.
Қайд этилишича, форум доирасида жами 3 та сессия ўз ишини олиб боради ва уларнинг ҳар бири турли йўналишларни ўзида қамраб олади.














