Жаҳон | 08:21 / 08.12.2023
4496
3 дақиқада ўқилади

Литва Абрамовичнинг фарзандларига фуқаролик берилгани ҳолатини текширмоқда

Вилнюс суриштирувга реакция билдирди, унда Роман Абрамовичнинг икки фарзанди Литва фуқаролигини олгани айтилади. Уларга паспорт бериш ҳолатларини Ички ишлар вазирлиги комиссияси текширади.

Фото: Picture Alliance

Литва ҳукумати россиялик олигарх Роман Абрамовичнинг икки фарзанди Литва фуқаролигини қандай шартда олганини текширмоқда. Вилнюс бу ҳақда 7 декабр, пайшанба куни оммавий ахборот воситаларида миллиардернинг ўғли ва қизи Литва фуқаролигига эга эканлиги ҳақидаги суриштирув эълон қилинганидан сўнг маълумот берди, бу уларнинг отасига жорий қилинган халқаро санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган бўлиши мумкин.

Роман Абрамовичнинг ўғли Аркадий ва қизи Анна Литва фуқаролигини олган ҳолатни баҳолаш учун Ички ишлар вазирлиги комиссияси тузилди. Шу билан бирга, Миграция департаментига ЕИ санкцияларига дучор бўлган шахсларнинг бошқа оила аъзолари Литва фуқароларими ёки йўқми, шуни текшириш топширилди. 

Литва фуқаролиги тўғрисидаги қонун ўзгариши кутилмоқда 

«Фуқароликни бериш сир бўлиши мумкин эмас ва Литва паспорти санкцияларни четлаб ўтиш ёки уларни бошқа йўллар билан суиистеъмол қилиш учун ниқоб бўла олмайди», деди Литва Ички ишлар вазирлиги раҳбари Агне Билотайте. Шунингдек, у республика қонунчилигига республика миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи шахсларни фуқароликдан маҳрум этиш имконини берувчи ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Ҳозирда Литва қонунлари стандарт тартиб орқали олинган фуқароликни бекор қилишга рухсат бермайди. Бироқ, агар Литва паспортлари истисно тариқасида Анна ва Аркадий Абрамовичга тақдим этилган бўлса, унда Литва миграция департаменти раҳбари Эвелина Гудзинскайтенинг сўзларига кўра, улар миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан олиб қўйилиши мумкин. Литва бош вазири Ингрида Шимоните Сеймда фуқаролик тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш зарурлигини муҳокама қилиш кераклигини айтди. 

Абрамович ва ЕИ санкциялари 

Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан сўнг Роман Абрамович Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, бироқ унинг оила аъзолари санкцияларга дучор бўлмаганди. 2023 йил январида Британиянинг The Guardian газетаси Украина урушидан сал аввал Абрамович ўз активларининг бир қисмини фарзандларига ўтказганини ёзган эди. OCCRP халқаро консорциуми ва унинг литвалик ҳамкори Siena томонидан «Кипр сирлари» лойиҳаси доирасида олиб борилган янги суриштирув шуни кўрсатадики, Кипр корпоратив хизматлар провайдеридан олинган маълумотларга кўра, болаларнинг икки нафари - Аркадий ва Анна Литва паспортига эга. 

Роман Абрамовичнинг адвокати журналистларнинг изоҳ сўрашига жавоб бермади. Абрамовичнинг бобоси ва бувиси асли Литвада бўлганлиги 2018 йилда очиқланган, аммо олигархнинг ўзи, миграция идораларига кўра, Литва фуқаролигига эга эмас. 

Мавзуга оид