Жаҳон | 17:13 / 10.12.2023
15023
3 дақиқада ўқилади

Хитой Филиппин кемалари фаолиятига тўсқинлик қилди

Филиппин ҳукумати Жанубий Хитой денгизидаги Скарборо маржон қоялари атрофидаги филиппинлик денгизчиларга ёнилғи етказиб беришга уринган кемаларига Хитой кемалари томонидан сув пуркагичлар қўллангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳудуд кўп йиллардан буён Хитой ва Филиппин ўртасида ҳудудий баҳсга сабаб бўлиб келади.

Фото: Reuters

Филиппин ҳукумати эълон қилган видеоёзувда Хитой кемаси Филиппинга тегишли кемага халал бериш учун кучли водомётлардан фойдаланганини кўриш мумкин.

Филиппин ҳукумат агентлигида эълон қилинган баёнотда Хитой чегара хизмати кемаси водомётлардан фойдалангани ва филиппинликлар «ноқонуний тажовузкор ҳаракатни қатъий қоралаши» айтилган.

Пекин эса Хитой ҳудудий сувларига ноқонуний кирган кемаларга қарши «назорат чоралари» кўрилганини маълум қилган.

2012 йилда Хитой Скарборо маржон қоялари устидан назорат ўрнатилганини эълон қилди ва унга расман Хунян ороли деб ном берди. Шундан кейин Хитой кемалари бу ҳудудда бир неча марта филиппинликларнинг балиқ овловчи кемалари фаолиятига халақит беришга уринди.

Бу ҳафта Филиппин ҳукумати Жанубий Хитой денгизида, жумладан Скарборо маржон қоялари атрофида хитойликларнинг 135 дан ортиқ ҳарбий кемалари жамлангани ҳақида хабар қилганди.

Скарборо маржон қоялари кимга тегишли экани борасидаги баҳслар кўп йиллардан буён давом этиб келади, аммо ўтган йили кичик Фердинан Маркос Филиппин президенти бўлганидан кейин бу масала яна кескинлаша бошлади.

Ноябрда Филиппин АҚШ ва Австралия билан биргаликда бир неча ҳаво ва денгиз патрулларини амалга оширганди.

2016 йилда халқаро трибунал Хитойнинг Жанубий Хитой денгизининг 90 фоизига даъволарини бекор қилганди, аммо Пекин бу қарорни тан олмаган ва баҳсли сувларда сунъий ороллар барпо этишда давом этмоқда.

Жанубий Хитой сувларига эгалик масаласи ҳам Хитой ва АҚШ муносабатларини мураккаблаштиради.

Октябр ойида Америка президенти Жо Байден Филиппин ҳужумга учраган тақдирда АҚШ армияси унга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилганди. У бу ҳақда Жанубий Хитой денгизида филиппинликлар ва хитойликлар кемаси икки бор тўқнашиб кетганидан бир неча кун ўтиб айтиб ўтганди.

Бу ҳудуддаги айрим сувларга Тайван, Малайзия, Виетнам ва Бруней ҳам даъво қилади.

Мавзуга оид