Жаҳон | 12:05 / 11.12.2023
5825
3 дақиқада ўқилади

Боррел: Инсоният ғайриинсонийлик пандемиясидан азият чекмоқда

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан Боррел сўнгги пайтларда дунёда инқирозлар тобора кўпайиб бораётганига эътибор қаратди.

Фото: Geert Vanden Wijngaert/AP/dpa/picture alliance

Бундан 75 йил муқаддам, 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилди, у ташкилотга аъзо барча давлатлар учун тавсия этилган ҳужжатдир. Декларация матни барча одамлар эга бўлган ҳуқуқларнинг биринчи глобал таърифидир. 1950 йилда декларация шарафига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти байрамни - Инсон ҳуқуқлари кунини таъсис этди, у ҳам 10 декабрда нишонланади.

«Декларация 75 йил аввал бўлгани каби бугунги кунда ҳам долзарб ва муҳим. Инсон ҳуқуқлари чегаралар ва маданиятлар орасида мавжуд. Улар табиатан истисносиз ҳар бир инсонга тегишли», - деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел тарихий ҳужжатнинг юбилейи муносабати билан.

Боррел: Инсоният ғайриинсонийлик пандемиясидан азият чекмоқда

Боррелнинг таъкидлашича, сўнгги 75 йил ичида сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, инқирозлар сони ўсишда давом этмоқда ва кўпинча урушлар ва тўқнашувлар оқибатларининг энг оғир юкини аёллар, болалар ва заиф вазиятга тушиб қолган одамлар кўтармоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш адолатни таъминлаш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва жазосиз қолишига барҳам бериш учун зарурдир. Бу Европа Иттифоқининг асосий қадриятлари ва тамойилларидан биридир, дейилади ҳужжатда. Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, камситишлар, фуқаролик жамияти учун майдоннинг қисқариши ҳамда демократия ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳужумлар қаерда содир бўлишидан қатъий назар қоралашда давом этади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ, деб таъкидлади Боррел. Шу билан бирга, Европа дипломатияси раҳбари Х ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллигини нишонлар эканмиз, инсоният ғайриинсонийлик пандемиясидан азият чекишда давом этмоқда. Биз урушлар ва инсон ҳуқуқлари регрессини кўряпмиз. ЕИ сифатида барча учун ва ҳамма ерда бу ҳуқуқлар учун курашишда қатъиймиз».

Мавзуга оид