Жаҳон | 13:06 / 11.12.2023
6112
2 дақиқада ўқилади

Мисрда уч кунлик президентлик сайловлари бошланди

Президент ас-Сиси учинчи муддатга президентликка даъвогарлик қилмоқда. Ҳокимиятга келганидан бери президент мухолифат билан қаттиқ муносабатда бўляпти.

Фото: Ammar Awad / Reuters

Мисрда 10 декабр, якшанба куни президентлик сайловлари бошланди, у уч кун давом этади. Давлат раҳбари Абдул Фаттоҳ ас-Сиси учинчи муддатга сайланяпти. Кузатувчилар унинг қайта сайланишига шубҳа қилмаяпти. 2014 ва 2018 йилги сайловларда ас-Сиси, расмий маълумотларга кўра, 96 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

Учта муқобил номзоднинг ғалаба қозониш имконияти деярли йўқ. Ас-Сисининг энг жиддий рақиби октябр ойида босим остида ўз номзодини қайтариб олди. Овоз беришнинг расмий натижалари 18 декабр куни эълон қилинади.

Танқидчилар ўн йилликлар давомида мухолифатчиларни бостириш кузатилгани туфайли бу сайловларни сохта жараён деб атаяпти. Шу билан бирга, давлат матбуоти уларни сиёсий плюрализм сари қадам деб атади ва фуқароларни сайлов участкаларига келишга чақирди.

Мухолифатнинг бостирилиши

2013 йилда «Мусулмон биродарлар» ҳаракатидан президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдарган Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳокимиятга келганидан бери мухолифатни энг қаттиқ йўл билан бостирмоқда. Минглаб фаоллар ва блогерлар терроризмга қарши кураш баҳонаси билан ҳибсга олинган.

106 миллион аҳолиси бўлган Миср чуқур иқтисодий инқирозда, сурункали маблағ етишмаслигидан азият чекмоқда ва қўшни Ғазо секторидаги қонли можаронинг ўз ҳудудига тарқалиши олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид