Киев ва Кишинёв ноябр ойи бошида эълон қилинган Еврокомиссия тавсияларида белгиланган тегишли «қадамлар»ни қўйгани тасдиқлангач, Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан қўшилиш бўйича музокараларни ташкил қилишни бошлайди. Бу ҳақдаги маълумотлар Европа Иттифоқи саммитининг биринчи куни якунлари бўйича 14 декабр, пайшанба куни эълон қилинган Европа кенгаши пресс-релизида келтирилган.
Ҳужжатда мамлакатлар учун «Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича қадамлар»ни якунлаш муддати, музокаралар бошланишининг тахминий санаси ҳам кўрсатилмаган. Украина ва Молдова зарур шартларни бажарганми ёки йўқми, деган қарорни кейинроқ Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари қабул қилади, деб ёзади Reuters. Шу билан бирга, Белгия бош вазири Александр Де Кро Брюсселдаги йиғилишнинг биринчи куни якунларига кўра, Европа Иттифоқи Украина билан аъзолик бўйича музокараларни 18 декабрдаёқ бошлаши мумкинлигини айтди.
Европа кенгаши, шунингдек, Гуржистонга Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақоми берилишини маъқуллади.
Шу билан бирга, Брюссел Босния ва Ҳерцеговина билан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар бошланишини «аъзолик мезонларига керакли даражада риоя қилинмагунча» қолдирди. Мамлакат номзод мақомини 2022 йил декабрида олди. Шимолий Македония, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг дастлабки босқичини якунлашдан олдин «Европа кенгашининг 2022 йил 18 июлдаги хулосаларида кўрсатилган конституциявий ўзгаришларни якунлаш бўйича ўз мажбуриятини бажариши» керак, дейилади пресс-релизда.
Евроиттифоқ Украинага ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади
Россиянинг Украинадаги уруши ЕИ саммитининг асосий мавзусига айланди – йиғилиш биринчи кунидаги ҳисоботнинг асосий қисми унга бағишланди.
Шу тариқа, Европа Иттифоқи «халқаро ҳуқуқ томонидан тан олинган чегаралар доирасида Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини» қўллаб-қувватлаш режаларини тасдиқлади. Гап сиёсий, молиявий, гуманитар, ҳарбий ва дипломатик ёрдам ҳақида кетмоқда, дея таъкидлайди Европа кенгаши.
Алоҳида саммит иштирокчилари Украинадан ғалла импортини Қора денгиз орқали ҳам, Россия «дон шартномаси»дан чиқиб кетганидан кейин Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун денгиз йўлига муқобил сифатида яратилган «бирдамлик йўлаклари» орқали ҳам қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ЕИ Гуржистон ва Молдовага «Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда» ёрдам беради.
















