«Дунё» хабарига кўра, онлайн учрашувда Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари, Индонезия тарафидан эса ушбу мамлакат Ташқи ишлар, Савдо, Қишлоқ хўжалиги, Денгиз ишлари ва балиқчилик вазирликлари, Миллий тадқиқот ва инновациялар агентлиги, Ғарбий Нуса Тенгара провинцияси ҳокимлиги, Доривор воситалар, озиқ овқат назорати миллий миллий агентлиги, Индонезия президенти ҳузуридаги Карантин органи ва унинг ҳудудий бошқармалари вакиллари қатнашди.
Мулоқот аввалида Индонезия томони бозорига қишлоқ хўжалиги ва ветеринария маҳсулотлари импортини йўлга қўйиш талаблари ҳамда амалдаги фитосанитар чораларга оид тақдимот ўтказди. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда етиштирилган гилосга карантин рухсати берилгани ва лимон экспортини йўлга қўйиш бўйича жараён якунланаётгани таъкидланди.
Индонезия президенти ҳузуридаги Карантин органи раисининг ўсимликлар карантини бўйича маслаҳатчиси Антарё Дикин икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида тегишли идоралар ўртасида карантин, ветеринария, фитосанитария масалаларида келишувлар имзолаш таклифини билдирди. У экспорт ва импорт жараёнларида божхона ишларини амалга ошириш ва маҳсулотларни сақлаш масалаларини соддалаштириш бўйича механизмни жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида икки мамлакат карантин идоралари ўртасида ҳамкорлик келишувини имзолаш, 2024 йил январ ойида Индонезия президенти ҳузуридаги Карантин органи раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва бошқа масалаларда келишиб олинди.
















