Иқтисодиёт | 10:12 / 19.12.2023
17648
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада етиштирилган 250 тонна узум ҳаво транспорти орқали Ню-Йоркка етказилади

Фарғона деҳқонлари томонидан етиштирилган 250 тонна узум ҳаво транспорти орқали Ню-Йорк шаҳрига етказилади ва NetCost озиқ-овқат савдо тармоқлари орқали сотилади.

Фото: Kun.uz

АҚШда ўтказилган маркетинг таҳлилларига кўра, Ўзбекистондан тажриба тариқасида етказилган «Ҳусайни» навли узумининг таъми ва кўриниши америкалик харидорлар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ноябр ойи бошида Ню-Йорк шаҳрига Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан тажриба тариқасида етказилган бир тонна узумнинг барчаси маҳаллий аҳоли томонидан икки кунда харид қилинган. Ушбу омиллар сабаб янги узумнинг янада каттароқ партиясини етказиш бўйича музокаралар бошланган. Музокаралар натижасида жорий йилнинг 14 декабр куни АҚШнинг E.L.A. Superior Produce Inc. ва Фарғона вилоятидаги масъулияти чекланган жамият ўртасида умумий қиймати 2 миллион долларга тенг қўшимча экспорт шартномаси имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Фарғона деҳқонлари томонидан етиштирилган 250 тонна узум ҳаво транспорти орқали Ню-Йорк шаҳрига етказилади ва NetCost озиқ-овқат савдо тармоқлари орқали сотилади.

Ўзбек дипломатлари, шунингдек, Ўзбекистондан қуритилган меваларни АҚШ ва Канада давлатларига экспортини йўлга қўйиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид