Жаҳон | 09:22 / 25.12.2023
4616
4 дақиқада ўқилади

Молдова президенти иккинчи муддатга ўз номзодини қўйиш қарорини эълон қилди

Молдова президенти Майя Санду иккинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўяди ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқчи. Рақиби Додон унинг қарорларини қоралади.

Фото: Elena Covalenco

Молдованинг европапараст президенти Майя Санду 2024 йил охирида иккинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўйиш ниятида эканини айтди ва парламентни мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги бўйича референдумга тайёргарликни бошлашга чақирди. «Бизда ҳали муҳим қадамлар бор ва агар менга янги муддатни ишониб топширсангиз, ишлашни давом эттиришга ваъда бераман», деди Санду 24 декабр, якшанба куни республика раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Санду Ҳаракат ва бирдамлик партиясидаги (PAS) иттифоқчилари томонидан назорат қилинадиган парламентдан Молдованинг Европага йўналиши бўйича референдум ўтказиш бўйича иш бошлашни сўради. «Бизнинг келажагимиз Европа оиласида ва бутун мамлакат сифатида Молдова учун қайси йўлни танлашимизни аниқ айтишимиз керак. Мен парламентни келаси йил кузида фуқароларнинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган референдум ўтказишга чақираман». - деди Молдова президенти.

2020 йил декабр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Санду бир неча бор Украина урушини қоралаган ва Москвани ўзини ҳокимиятдан четлатиш учун давлат тўнтаришига уринишда айблаган. Ўз навбатида, Кишинёвдаги Россия элчихонаси Молдова ҳукумати «русофобияни қўзғатаётганини» даъво қилди. 

Уч йил олдин ютқазган Додон Сандунинг режаларини қоралади 

Молдова собиқ президенти, социалист Игор Додон Сандунинг қайта сайланиш ниятини ҳам, референдум ўтказишга чақириғини ҳам қоралади. «Майя Сандунинг 3 йиллик ишидан сўнг ўзини сиёсий чўкишдан «қутқариш» учун референдумдан бошқа таклиф қиладиган ҳеч нарсаси йўқ. У Европа билан алоқадор бўлишга умид қилмоқда ва бу унга янги мандат олиб келади», деб ёзди у Facebook’да. Додоннинг таъкидлашича, Санду «сиёсий чўққини босиб ўтди» ва «бутун халқнинг ҳафсаласини пир қилди». 

Шунингдек, Додон айни дамда президентликка номзодини қўйиш ҳақида ўйламаётганини айтди. «Мен мамлакат президенти бўлганман ва ҳар қандай ҳолатда ҳам яна давлат раҳбари бўлиш учун носоғлом амбицияларим йўқ», деб ёзган у ҳамда «бошқа мухолиф партиялар билан биргаликда мамлакатни ва фуқароларни Майя Сандудан қутқариш учун энг яхши номзодни» топиш ниятида эканини таъкидлади.

Сайловлар келаси йил охирида бўлиб ўтади 

Молдовада президентлик сайловлари 2024 йилнинг ноябр-декабр ойларида бўлиб ўтиши керак, уларнинг аниқ санасини парламент белгилайди. Жорий сўровлар PAS 30-45 фоиз овоз олишини кўрсатмоқда, Додон социалистлари учун бу кўрсаткич - 28-38 фоиз, шу йил бошида фирибгарликда айбланиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган қочоқ бизнес-магнат Илан Шорнинг «Имкон» партияси учун эса - 8-15 фоиз.

Декабр ойи бошида бўлиб ўтган ЕИ саммитида Молдова ва Украинанинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокараларни бошлашга қарор қилинган эди. 

Ўтган ҳафта Молдова парламентидаги ташқи сиёсат ва Европа интеграцияси бўйича комиссия раиси Дойна Герман Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)дан чиқиш жараёнини якунлашини, ушбу ташкилот доирасида тузилган қолган барча келишувларни изчиллик билан денонсация қилишини айтди.

Мавзуга оид