South China morning post нашри ёзишича, Покистоннинг Панжоб вилояти бош вазири вилоят пойтахти, дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳри ҳисобланувчи Лоҳур шаҳрининг 10 та туманида БАА ёрдамида булутларни тўйинтириш усули орқали сунъий ёмғир ёғдирилган.

Покистон тарихида илк бор ўтказилган тажриба шаҳар ҳавоси ифлосланишининг хавфли даражасига қарши курашишга қаратилган новаторлик қадами бўлди.

«Лоҳурнинг камида 10 та туманида ёмғир томчилаб турди», — деган Панжоб бош вазири Муҳсин Нақвий мамлакатдаги биринчи синов тажрибасидан сўнг журналистларга.

Лоҳур шаҳри манзараси. Фото: AFP

Нақвийнинг таъкидлашича, Лоҳур дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳар ҳисобланади, жумладан тажриба ўтказилган кунда ҳам шундай бўлган. Вазирнинг айтишича, ҳокимиятдагилар 15 км радиусда сунъий ёмғир таъсирини кузатиб туришган. Шунингдек, тажриба Бирлашган Араб Амирликлари ёрдамида ўтказилганини ҳам таъкидлаган.

Лоҳур шаҳри «дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар» бўлиб, ундаги одамлар тутундан нафас олишга қийналишади. Фото: AFP

БААдан келган махсус жамоа сунъий ёмғир ёғдиришни икки ҳафта кутишига тўғри келган. Ўтган шанбада булутларни тўйинтириш учун 48 та ракета учирилган.

Булутларни ёмғирга тўйинтириш учун кумуш йодид, сариқ туз булут ичида ацетон билан бирикиб, ёмғир томчиларини ҳосил қилади.

Нақвий жамоатчиликни сунъий ёмғир мутлақо зарарсиз эканига ишонтирган ва БААда йилига 1000 марта шундай жараён ўтказилиши, худди шундай технологиялардан АҚШ ва бошқа давлатларда ҳам фойдаланилишини мисол келтирган.

Лоҳур шаҳрида ҳаво сифати ифлосланиши сўнгги бир неча ҳафтадан буён кузатилмоқда. Маҳаллий расмийлар корхоналарни эртароқ ёпиш, мактабларга ҳафтада қўшимча икки кун таътил бериш каби тактикалардан фойдаланиб кўрди, бироқ бу усулларнинг нафи тегмаган.