Дала истеҳкомлари — окоплар, бункерлар, доталар — мудофаа асослари, аммо ундаги асосийси — қўшиннинг ўзидир
Фото: AFP

Стратегик мудофаага ўтиш зарурати ҳақида BBC учун интервюсида Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Виктор Муженко ҳам айтиб ўтган, шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, агар бундай стратегияни оқилона ишлаб чиқса ва амалга оширса, Киев «Украина ҳудудидаги босқинчи қўшинларни тор-мор этиш имкониятига ҳам эга бўлиши»ни таъкидлаганди.

Эстония мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган катта ҳисоботда ҳам «Стратегик мудофаага ўтиш йили» ҳақида гап боради.

Позицион уруш деб жанглар қанчалик шиддатли бўлмасин, фронт чизиғида деярли ўзгаришлар бўлмайдиган мажбурий ҳолатга айтилади.

Тўғри, бундан ҳечдан кўра кеч қабилида фойда чиқариб олиш ҳам мумкин. Лекин барча замонавий қуролларга эга бўлган ҳар қандай армия қўмондонлиги одатда манёврли уруш олиб боришни афзал кўради.

Мақсадларидан келиб чиққан ҳолда позицион урушни ҳолдан тойдириш уруши деб ҳам аташ мумкин. Манёврли ёки «яшин тезлигидаги» урушлардан фарқли ўлароқ, бундай урушнинг мақсади рақиб армиясини тор-мор этиш, шаҳар ёки ҳудудларни эгаллаш, қандайдир стратегик муҳим позицияларга чиқиш эмас, балки душман армиясининг жанговар самарадорлиги ва умуман иккинчи давлатнинг мудофаа лаёқати, унинг халқи ва армиясининг қаршилик кўрсатиш қобилиятини сусайтиришдир.

Шу билан бирга, позицион можаро ўз-ўзича ғалаба билан тугамайди — у ёки ҳолдан тойган давлат ён беришга рози бўладиган вазиятга олиб келади ёки нисбатан фаол, манёврли урушга ўтишга шароит ҳозирлайди.

2022 йил кузидан 2023 йил ёзи охирига қадар Украинада ва Ғарбда кўпчилик сиёсатчилар ҳамда ҳарбийлар ёзги қарши ҳужумнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида гапиришди ва улар фронтда айнан ҳал қилувчи зарба билан ғалаба қозонишни кўзлаганди.

Аммо бу қарши ҳужум олдинга кўзланган мақсадларига эриша олмасдан ниҳоясига етгач, бундай стратегия иш бермаслиги ва Киев Москва билан узоқ чўзилувчи ва ҳолдан тойдирувчи можарога киришиши аён бўлди.