26 декабр куни ўтказилган матбуот анжумани қисқа бўлиб, олдиндан анонс қилинмаганди.
Залужний шу кунларда парламентга киритилган сафарбарлик, демобилизация ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги ҳукумат қонун лойиҳаларининг шов-шувли пакети бўйича изоҳ берди, шунингдек, фронтдаги вазият ҳамда келгуси йил Украина мудофааси учун қандай кечиши тўғрисидаги фикрларини билдирди.
Украина қанча одамни сафарбар қилиши керак?
ОАВда кўп ҳам кўриниш беравермайдиган Залужний матбуот анжумани олдидан бир муддат миллий телемарафонга қўшилди ҳамда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ҳарбий қўмондонлик келгуси йилда 450-500 минг кишини сафарбар этиш бўйича таклиф бергани ҳақида айтган сўзларига муносабатини билдирди.
Залужнийнинг аниқлик киритишича, Бош штаб «ҳеч қандай рақамлар бўйича ҳеч қандай сўров юбормаган», армия ўз эҳтиёжларини ҳозирги штатлар, янги ҳарбий қисмлар тузилиши ва келгуси йилда бўлиши мумкин бўлган йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда шакллантиради.
«Бу рақамни очиқлай олмаймиз, чунки бу ҳарбий сир», – деган у. – Биз ресурслар – ҳарбий техника ва одамлар учун сўровлар шакллантирамиз. Бу таклифларнинг барчасини биз қонунчилик ташаббуси субъекти сифатида мудофаа вазирлигига киритамиз, уёғига буни қандай таъминлашни вазирлик ҳал қилади. Бизга снарядлар, қурол ва одамлар зарур. Қолган барча ишни ваколатли органлар амалга оширади».
Бўйин товловчилар, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва ротация ҳақида
Матбуот анжумани бошлангач эса Залужний сафарбарликнинг янги қоидалари бўйича қонун лойиҳаларини батафсил изоҳлади.
Улардан асосийси парламентга 25 декабр куни кечқурун киритилган. У сафарбар қилиш ёшини 27 дан 25 га тушириш, ҳарбий рўйхатга олиш ва чақирув қоғозини топшириш тартибини соддалаштириш, шунингдек хизматдан бўйин товлаганлик учун санкцияларни қатъийлаштириш (кўп минглик жаримага тортиш ва қамоққа олишгача)ни назарда тутади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ҳарбий ҳолат даврида уч йилдан ортиқ хизмат қилганлар ҳамда асирликда бўлганларни демобилизация қилиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Залужний ҳарбийлар ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибида ишлаган бўлса-да, аксар қоидалар, айниқса фуқароларни сафарбар қилиш ва хизматдан бўйин товлаганлик учун санкциялар билан бевосита боғлиқ бўлган моддалар Бош штаб томонидан ишлаб чиқилмаган.



















