30 декабр куни тушдан кейин Россиянинг Белгород шаҳри маркази ўққа тутилди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зарбалар уруш бошланганидан бери «энг кучлиси» бўлган. Маҳаллий каналлардан олинган хабарларга кўра, Белгород универмаги, «Динамо» спорт мажмуаси, Белгород давлат техника университети биносига, одамлар бўлган муз майдончасига ракета зарбаси берилган.
Зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расман 14 киши ҳалок бўлгани, улардан икки нафари бола эканини маълум қилди. Шунингдек, 108 нафар киши яраланган (улардан 15 нафари бола).
Шаҳарда ракета зарбаси ҳақида огоҳлантириш сиренаси янграган ва барча аҳоли бошпаналарга боришга чақирилган. Тахминан бир соат ўтгач, огоҳлантириш бекор қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зарба ҳақида огоҳлантириб, газ ва сув жўмрагини ёпиш, зарур бўлган нарсаларни олиш ва бошпаналарга боришни талаб қилган. Аммо аҳолининг айтишича, кўплаб бошпаналар муҳрлаб, қулфлаб қўйилгани сабабли, шаҳарликлар улардан фойдалана олмаган.
Қайд қилинишича, зарбадан кейин шаҳар марказидаги кўплаб йўллар тўсиб қўйилган. Шаҳарда вайронагарчиликлар ва қурбонлар ҳақида маълумот олиш учун ишонч телефони ишга туширилган. Маъмурият зарба оқибатларини бартараф этиш учун фавқулодда ҳолат жорий этмоқчи экани айтилмоқда.
Украина оммавий ахборот воситалари хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, ҳужум Украина шаҳарларининг ўққа тутилишига жавоб деб атамоқда. Белгородга ҳужум Украинанинг «хавфсизлик ва мудофаа кучлари» томонидан амалга оширилгани, бу яқинда «Днепр, Харкив, Одессанинг ваҳшиёна ўққа тутилиши ва тинч аҳолининг ўлдирилиши»га қарши чора экани, Украина шаҳарларига қилинган ҳужумларга жавоб бўлгани айтилмоқда.
Баъзи манбалар зарбаларнинг Белгороддаги «ҳарбий нишонларга» берилганини таъкидлаган. «Белгороддаги фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар Россия ҳаво мудофаасининг нопрофессионал ҳаракатлари, шунингдек, атайлаб ва режалаштирилган провокациялар натижасидир», деган «Украинская правда» манбаси.


















