Сентябр ойида Хитой элчиси Кобулда “Толибон” бош вазирига ишонч ёрлиғини топширган эди. 29 декабр куни эса Қозоғистон ҳукумати “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Хўш, толибларга нисбатан муносабат секин-аста ўзгаряптими? Kun.uz “Геосиёсат” рукнида бу ҳақдаги саволларга сиёсатшунос Фарҳод Каримовдан жавоб олди.
— 29 декабр куни Қозоғистон ҳукумати “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бунинг сабаби нимада?
— Бу савол кўпчиликни қизиқтиряпти. “Толибон” турли давлатлар билан муносабат ўрнатяпти-ю, лекин ўзи уларнинг қора рўйхатида ёки террористик ташкилотлар рўйхатида турибди. “Толибон” бунақа рўйхатларда бўладими-йўқми, дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳам, минтақа давлатлари билан ҳам алоқалар ўрнатган. Доҳадаги идорасида ҳам АҚШ, Россия, Хитой каби катта давлатлар билан муносабатга киришиб турарди, ваҳоланки, бу давлатларда “Толибон” террористик ташкилот сифатида эътироф этилади.
Афғонистонда шундай вазиятки, халқнинг катта қисми – асосан пуштунлар – “Толибон”га эргашяпти. Афғонистонда легитим бўлиб турган ҳукумат билан муносабат ўрнатиш керак, чунки Афғонистон Марказий Осиёга энг яқин бўлган муҳим стратегик ҳудудлардан бири. Ҳинд океанига чиқиш, хавфсизлик масалалари турибди. Ўзбекистон ҳукумати 32 йилдирки Афғонистон масаласини кун тартибидан қўймай келади. Шундай экан, бошқа Марказий Осиё давлатлари учун ҳам Афғонистон кун тартибида турувчи масала ҳисобланади.
Амалда ҳамма “Толибон” билан мулоқот қиляпти, керак бўлса, ҳамкорлик қиляпти, иқтисодий форум, музокараларга чақириляпти, шундай бир ҳолатда Қозоғистон ҳам чиқариб қўя қолди. Ўзи шундоқ ҳам дипломатик меъёрлар бузиляпти, бундай рўйхатдаги ташкилот аъзоларини чегарадан ўтказиш мумкин эмас.
Прагматик сиёсат олиб борадиган давлатлар тушуниб етдики, “Толибон” ҳукуматда анча вақт қолади, балки легитимлик ошиб, тан олинар ҳам. Шу нуқтайи назардан, Қозоғистонда “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан вақтинчалик чиқариш масаласи бўлган, лекин рўйхатдан чиқариш дегани расмий дипломатик алоқалар ёки ҳуқуқий-сиёсий тан олиниш дегани эмас, шунчаки ноқонуний муносабатларнинг олдини олувчи ҳуқуқий қадам.
Барибир прагматик сиёсат – биринчи омил бу ерда. Афғонистон орқали транспорт коридорларидан бири ўтади, бу аллақачон бошланди ҳам. Бу коридор шимолий коридорга жуда яхши алтернатив бўлади. Ҳатто Россия қизиқиш билдиряпти бунга, шундай бир вазиятда Қозоғистон бундай лойиҳалардан четда қолиши мумкин эмас. Қозоғистон учун асосий маршрут шимолий коридорлар эди, аммо санкциялар сабаб нофаол ҳолатга келди. Ҳали Хитой лойиҳасидаги коридор қачон битиши номаълум, ишлар секинлашган, шунинг учун ҳам энг қулай маршрут Афғонистон орқали бўлиб қоляпти. “Толибон” ҳам бу лойиҳани қўллаяпти, транзит фойда олиш имкони бўлади, инфратузилма шаклланади. Шунинг учун атрофдаги давлатлар “Толибон” билан музокарага киришяпти. Умуман, асосий сабаб шу коридор масаласи бу ерда.















