АҚШ ва Британия қўмондонларининг қўшма баёнотида айтилишича, ҳужум ўнлаб халқаро савдо кемалари сузиб юрадиган Қизил денгиз жанубига қаратилган. Кемалардан ҳеч бирига зарар етмаган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳужум қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланган ҳолда уюштирилганини таъкидлади, бу ҳусийларнинг турли хил қуролларга эга эканини кўрсатади.
Зарбани қайтаришда учта эсминец иштирок этди, шунингдек, Американинг F-18 қирувчи самолётлари ҳам ҳавога кўтарилди.
Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар Қизил денгизда кўпмиллатли дастур бўлган «Фаровонлик қўриқчиси» операцияси доирасида бир нечта кемаларга эга. Коалиция таркибига 20 дан ортиқ давлат киради. Улар дунёнинг энг муҳим сув йўлларидан бирида юк ташиш жараёнини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Исёнчи ҳусийлар Яманнинг катта қисмини назорат қилади, Эрон томонидан қўллаб-қувватланади ва Исроил, АҚШ ва Саудия Арабистонини ўзига душман деб билади.
Улар ҳужумларни ҲАМАС билан бирдамликда амалга ошираётгани ва Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тугатмагунча давом этишларини айтмоқда.
2023 йил ноябр ойидан буён улар Европа ва Осиё ўртасидаги асосий савдо йўли бўлмиш Боб ал-Мандиб бўғозида савдо кемаларига ҳужум қилмоқда. Бу халқаро юк ташиш ва глобал савдо издан чиқишига олиб келди.
Улар Исроил савдо флотини нишонга олганини даъво қилса-да, Исроилга алоқаси бўлмаган кемалар ҳам ўққа тутилмоқда.
Минтақадаги янги урушми?

Фото: UK MINISTRY OF DEFENCE
Ҳусийлар томонидан Қизил денгизнинг блокадаси Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушнинг минтақадаги энг оғир оқибатидир. Вашингтон бошқа Яқин Шарқ давлатлари ҳам можарога тортилиши мумкинлигидан хавотирда.
Бунинг олдини олиш учун АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта охирида Саудия Арабистони, БАА, Иордания, Қатар ва Исроилда бўлди. Араб давлатлари Қўшма Штатлардан Исроилни жиловлаш учун қатъий чораларни кутмоқда, акс ҳолда улар можарога аралашмаслигини кафолатламайди.


















