Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти 2024 йилдан бошлаб цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкасини салкам 4 баробарга: тоннасига 22 500 сўмдан 6 минг сўмгача пасайтирди.

Ваҳоланки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил охирида эълон қилган бюджетномада бу ставкани 2 баробарга – 22 500 сўмдан 11 250 сўмгача сўмгача тушириш режаси кўрсатилган эди.

Расмийлар изоҳига кўра, солиқ ставкасининг камайтирилиши “цемент маҳсулотлари нархининг кескин ошиши ҳамда нархларнинг кўтарилишига йўл қўймаслик”, “маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий цемент етказиб берувчилар олдида рақобатбардошлигини ошириш” мақсадлари билан боғлиқ.

Рақамлар: Цемент ишлаб чиқариш 4 йилда 39 фоизга ошган

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Gazeta.uz'га маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатда цемент ишлаб чиқариш қувватлари 1,8 бараварга ошган (2019 йилдаги 15,1 млн тоннадан 2023 йилда 26,7 млн тоннагача).

Бу даврда ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга – 10,9 млн тоннадан 15,2 млн тоннагача кўпайган. Бу вақтда цементга бўлган талаб 1,2 баравар – йилига 13,8 млн тоннадан 16,5 млн тоннагача ошган.

ИМВга кўра, 2024 йилда заводлар қуввати 30 фоизга ёки 7,9 млн тоннага кўпайиб, 34,6 млн тоннагача, ишлаб чиқариш ҳажми эса 10 фоизга ёки 1,6 млн тоннага ошиб, 16,7 млн тоннагача етиши мумкин. Импорт эса 1 млн тоннагача қисқариши кутилмоқда (камайиш – 57 фоиз ёки 800 минг тонна).

Вазирлик маҳаллий корхоналар ички бозордаги талабнинг 98 фоизини қоплай олишини прогноз қилган.

Солиқ ставкасининг кўтарилиши цемент нархлари ошишига олиб келди”

Ҳолат юзасидан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қўшимча изоҳ берди. Таъкидланишича, 2019 йилгача оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик солиқ ставкаси 5 фоизни ташкил қилган. 2019 йилдан бошлаб эса бу миқдор оширилган ва ҳар бир тонна ишлаб чиқарилган оҳактош учун 22,5 минг сўм (ёки оҳактош таннархининг 75 фоизи) этиб белгиланган.